Ўзбекистон банклари Ассоциациясида Корея банклар федерацияси билан ҳамкорликда семинар ташкил этилди. Унда тижорат банклари ходимлари, молия ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Тадбирдан кўзланган мақсад, IT соҳасидаги янгиликлар билан таништириш, ўзаро эркин мулоқот ташкил этиш ҳамда Ўзбекистон ва Жанубий Корея банк соҳаларида ўзаро тажриба алмашишдан иборатдир.

– 10 йил олдин Ўзбекистон банклари Ассоциациясида Корея банклар федерацияси ўртасида меморандум имзоланган, – дейди Ўзбекистон банклари Ассоциацияси матбуот хизмати раҳбари Ҳадия Абдуллаева. – Ушбу меморандум асосида икки давлат ўртасида банк тизимида ўзаро тажриба алмашилган. Ўзбекистон банк ходимлари эришилаётган ютуқлар билан танишиш мақсадида Кореяга бир неча бор ташриф буюрган. Хусусан, 2019 йилда пандемиядан аввал ҳам хусусий, ҳам давлат улуши бор банк ходимларининг бир гуруҳи Кореяда бўлиб, у ерда самарали семинарлар ўтказилган. Қўшма семинар доирасида дунёдаги энг ривожланган банк тизимларидан бири Кореянинг тажрибасини ўз кўзлари билан кўриш, замонавий банк фаолиятининг барча афзалликларини ўша ернинг ўзида ўрганиш имконияти яратилди. Бугунги семинар онлайн банк хизматларини янада ривожлантириш мақсадида ўтказилмоқда. Ўзбекистонда онлайн банк хизмати мавжуд. Бугунги кунда бу тизим оммалашмоқда ва халқ томонидан талаб ортмоқда.

– Жанубий Корея банк тизимидаги молия хизматларида рақамли технологиялар яхши ривожланган, – дейди Корея банклар федерацияси мутахассиси Санг аҳ Чот (Sang ah Chot). – Мисол учун, давлатимизда телефон рақами орқали мижозга пул ўтказмани амалга ошириш мумкин. Ўзбекистонда молия саноати яхши ривожланмаган. Шу борасида Жанубий Корея технологияларини Ўзбекистон банкларига кенг жорий этишда кўмаклашмоқчимиз. Банкларнинг рақамли технологияларини ривожлантириш борасида янги технологиялар бор. Ўзбекистонда шунга мос компаниялар бўлса, улар билан шартнома имзолаб инвестиция киритмоқчимиз. Бу технологиялар банкларда кенг жорий этилса, рақамли технологиялар мижозлар сонини оширади, кенг қулайликлар яратади.


Шаҳноза Маматуропова,

Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА