АҚШ Президенти Жо Байден 1945 йилда Хиросима ва Нагасаки шаҳарларидаги атом бомбалари учун узр сўрамайди. Бу ҳақда АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан маълум қилди.
Журналистларнинг Байден атом бомбалари учун Қўшма Штатлар номидан кечирим сўраш нияти борми, деган саволига “Президент Хиросимадаги Тинчлик мемориали боғида баёнот бермайди”, деб жавоб берган.
Салливан “Катта еттилик”нинг бошқа етакчилари билан биргаликда Америка раҳбари гулчамбар қўйиш ва бошқа тадбирларда иштирок этишини қайд этди.
“Байденнинг фикрича, бу икки томонлама воқеа эмас. “G7” етакчилари ҳам тарихга, ҳам Хиросимада туғилган Япония Бош вазири Фумио Кисидага ҳурмат бажо келтириш учун у ерга боради”, деди президент маслаҳатчиси.
Япония бу йил “G7”га раислик қилмоқда.
Етакчилар саммити 19-21 май кунлари Хиросимада бўлиб ўтади.
ЎзА