Бугунги кунда республикамизда 700 дан ортиқ юридик шахс енгил автомобилларни ижарага ёки лизингга берувчи субъект сифатида давлат рўйхатидан ўтган. 2021 йилда ушбу субъектлар томонидан жами қиймати 1 триллион сўмдан ортиқ бўлган 2 мингдан ортиқ битим тузилган. Таҳлиллар натижаси автомобилларни ижарага ёки лизингга беришда фирибгарлик жиноятларини содир этиш ҳолатлари сони ортганлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, Олий суд маълумотларига кўра, автомобилларни ижарага ёки лизингга беришдаги фирибгарлик жинояти бўйича 2020 йилда 10 та шахсга нисбатан айблов ҳукми чиқарилган бўлса, 2021 йилга келиб ушбу кўрсаткич 2 баравар ортиб, 22 тани ташкил этган. Мазкур жиноятлар натижасида фуқароларга етказилган зарар 2020 йилда 8,2 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, 2021 йилда ушбу кўрсаткич қарийб 9 баравар ортиб, 69,3 миллиард сўмга етган. Худди шу каби жиноят натижасида жабр кўрганлар сони 16 бараварга ортиб, 16 минг 805 тани ташкил этган.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов айтиб ўтди. Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ижара ва лизинг муносабатларини тартибга солишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
— Таҳлиллар жисмоний ва юридик шахсларнинг ўртасидаги ижара ва лизинг муносабатларида қонунбузилиш ҳолатларининг сони тобора ортиб бораётгани ҳамда қонунчилик ҳужжатларига ушбу ҳолатларнинг олдини олиш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш заруратини кўрсатмоқда, — деди вазир ўринбосари. — Шу мақсадда ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳасида кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага бериш шартномасининг аниқ таърифи ва унинг хусусиятлари, ушбу шартномавий муносабатларда шартнома объектини тасарруф этиш, гаровга қўйиш ва ундирувга қаратишга доир қоидалар назарда тутиляпти. Шунингдек, ундирувни кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага бериш ва лизинг шартномаси объектига қаратишнинг ўзига хос жиҳатлари белгиланмоқда. Кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага бериш шартномаси ёки лизинг шартномаси тузилганидан кейин шартнома объектини тасарруф этиш билан боғлиқ шартномалар тузиш тақиқланмоқда.
Муҳокамаларда сўз олган депутатлар қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ижара ва лизинг муносабатларидаги қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олишга, ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдиришга, шунингдек, ушбу соҳада жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкий ҳуқуқлари кафолатини таъминлашга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади. Айрим аниқлаштирувчи саволлар билан мурожаат қилди.
Мажлисда савол-жавоб ва муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА