Иқтисодиётни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, “Яшил иқтисодиёт” технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш ва энергия самарадорлигини 20 фоизга ошириш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясидаги бош мақсадлардан бири саналади.

Хусусан, тараққиёт стратегиясининг 24-мақсади орқали 2026 йилга келиб электр энергияси ишлаб чиқариш кўрсаткичи қўшимча 30 миллиард кВт. соатга оширилиб, жами 100 миллиард кВт. соатга етказилади. Бунда қайта тикланувчи энергия манбалари улушининг 25 фоизга етиши эвазига йилига қарийб 3 миллиард куб метр табиий газ тежалади.

Шу боис ҳар йилги давлат дастурларида энергия таъминотини яхшилаш устувор мақсадлардан бири сифатида белгиланади. Жумладан, охирги олти йилда 5 минг мегаваттдан зиёд янги электр қувватлари яратилган. Жорий йилнинг январь-апрель ойларида қўшимча 726 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқарилган.

Шу билан бирга, бу йил 3 миллиард 400 миллион киловатт соат электр танқис бўлиши, ёзнинг иссиқ кунларида унга кунлик талаб ҳозирги 195 миллион киловатт соатдан 255 миллион киловатт соатга етиши мумкин. Ушбу кўрсаткичларни ўз вақтида бартараф этиш ҳамда аҳоли ва тадбиркорларни узликсиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларда энергия таъминоти ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда эришилган натижалар билан бир қаторда йил давомида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди. Жумладан, мутасаддиларнинг жорий йилда 2 минг мегаватт қувватли қуёш ва шамол электр станцияларини ишга тушириш, корхона, хонадон ва ижтимоий объектларда 1 200 мегаваттли қуёш панеллари ўрнатиш юзасидан ахборотлари тингланди.

Бугун дунё тажрибасидан маълумки, энергия тежамкорлигига эришиш ва унинг узлуксизлигини таъминлашда “Яшил энергия”нинг ўрни юқоридир. Шу боис, бу соҳага рағбат бериш мақсадида 1 июлдан гидро электр станцияларида ишлаб чиқарилган электр энергияси учун “яшил” сертификат берилиш тартиби, 1 октябрдан бошлаб, барча қайта тикланувчи энергия манбаларидан олинган электр учун жорий қилинади.

Шунингдек, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан барча савдо ва сервис корхоналарига қуёш панеллари учун кредит тўловларининг 4 фоизи қоплаб берилади. Халқаро молия ташкилотларидан 100 миллион доллар жалб қилиниб, аҳоли ва тадбиркорларга мақбул шартларда ажратилади.

Энг муҳими, энергетика соҳасидаги ушбу ўзгаришлар “Адолат” СДП сайловолди дастурида илгари сурилган мақсадларга тўла ҳамоҳанглиги билан янада аҳамиятлидир. Мутасаддиларга ушбу тизимни жорий қилиб, аҳоли ва тадбиркорларни рағбатлантириш, ижтимоий соҳа ва давлат идораларига кичик қуёш панеллари ўрнатиш бўйича кўрсатмалар берилди. Шу билан бирга, йиғилишда электр тармоқларини таъмирлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Бу борада Тошкент шаҳрида дастур қабул қилиниб, ишлар бошлангани, ҳозирга қадар 667 километр электр тармоғи ва 175 та трансформатор янгилангани қайд этилди. Вилоят ҳокимларига электр ускуналари ва материаллар захирасини яратиш, бу йилга режалаштирилган таъмирлаш ишларини 1 августгача якунлаш вазифаси қўйилди. Бунинг учун қўшимча бригадалар ташкил этилиб, малакали мутахассислар жалб қилиниши белгиланди.

Албатта, доно халқимизда: «Қиш ғамини ёзда е, сандалингда ўтириб ҳалво е», деган ажойиб мақол бежиз айтилмаган. Ўтган йилги аномал совуқ ва у келтириб чиқарган муаммолардан тўғри хулоса қилган ҳолда бу соҳадаги ишларнинг ўз вақтида тўғри ташкил этилиши, нафақат фуқароларимиз оғирини енгил қилишга, шу билан бирга, минглаб тадбиркорларимиз фаолиятида узлуксизликни таъминлаш орқали барқарор иқтисодий ўсишга эришига хизмат қилади.

Бунда эса электр таъминотидаги йўқотишнинг олдини олиш, ўғрилик ҳолатларини бартараф этиш ҳам муҳим саналади. 2023 йил 13 февралда Ўзбекистон Президентининг «Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори қабул қилинган эди. Бу борада қонунчиликка риоя этилишига масъул Бош прокурор ўринбосари лавозими жорий қилиниб, яхлит назорат тизими яратилди. Бугунги кунга қадар 250 миллиард сўмлик энергия ресурслар ноқонуний ишлатилгани аниқланиб, зарар ундирилган.

Шунингдек, йиғилишда соҳадаги яна бир муҳим масала — бензин ва дизель ёқилғиси таъминотига ҳам тўхталиб ўтилди. Хусусан, мамлакатимизга бу маҳсулотларни олиб келишга чекловлар олиб ташлангани, жойларда 1 миллион тонна ёқилғини сақлаш сиғимлари мавжудлиги қайд этилди.

Хулоса қилиб айтганда, иқтисодиётга янги, энергия ресурсларини тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, энергия сарфини иқтисод қилишни рағбатлантирувчи механизмлар яратиш, муқобил энергия манбалари, хусусан, қуёш энергиясидан фойдаланишни кўпайтириш, энергиянинг мавжуд барча муқобил турларини комплекс равишда ривожлантириш орқали рақобатли энергетика бозорини ташкил этишни рағбатлантириш қисқа вақт ичида ўз самарасини бериши шубҳасиздир.

 

Олтиной МАМИРОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати