Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов раҳбарлигида вазирлик ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги фаолиятидаги тизимли муаммолар ва уларнинг ечимларига бағишлаб йиғилиш ўтказилди.
Унда 2023/2024-ўқув йили учун республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларини ташкил қилиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, тест синовларини ўтказишга мўлжалланган алоҳида биноларнинг мавжуд эмаслиги сабабли ўтказилаётган аксарият тест синовлари таълим муассасалари ўқув биноларида таълим жараёнига халақит қилмаслик учун ҳафтанинг дам олиш (шанба ва якшанба) кунларида ўтказилади.
Бугунги кунда 2023/2024 ўқув йили учун тест синовлари ўтказиладиган 92 та ёпиқ иншоот танлаб олинди ҳамда уларнинг режа чизмалари тайёрланиб, маҳаллий ҳокимлик ва идоралар билан келишилган ҳолда тасдиқланди.
Шунингдек, тест синовлари ўтказиладиган 15 та умумтаълим фанидан 26 минг 520 та ва қардош (қозоқ, қирғиз, тожик, туркман) тиллардан 2 минг 400 та тест топшириғи шакллантирилди ва экспертизадан ўтказилди. Кенг жамоатчилик орасидан тест синовларида гуруҳ назоратчилигига номзод сифатида рўйхатдан ўтган 8 минг 956 нафар талабгордан 4 000 нафарга яқини саралаб олинди ва улар билан шартномалар расмийлаштирилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА