Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 майдаги “Ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори қабул қилинди.
Унга кўра, фермер хўжаликлари ва ғаллачилик кластерларининг моддий манфаатдорлигини ошириш, ички бозорни буғдой ва ун маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, ғаллани давлат эҳтиёжлари учун зарур ҳажмдан ортиқ харид қилишдан воз кечиш орқали соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш кўзда тутилган.
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти бош илмий ходими Халилулло Ҳамидов ушбу қарор ижроси доирасида амалга оширилган ишлар ва уларнинг натижалари таҳлили хусусида интервью берди.
– Президентимизнинг 2022 йил 28 майдаги қарорига асосан 2022 йилнинг 1 июнидан ғалла етиштириш ва сотишда бозор тамойилларига ўтилди, –деди Х.Ҳамидов. – “Ўздонмаҳсулот” АЖ корхоналари томонидан буғдой уни очиқ биржа савдоларига қўйилди ва сотила бошланди.
Албатта, бу жараёнларни мунтазам ўрганиш ва таҳлил қилиш келгусида ушбу соҳада қилинажак ишлар учун муҳим манба бўлади. Мазкур ислоҳотлар самарадорлигини доимий равишда баҳолаб бориш мақсадида МҲТИ томонидан Буғдой уни улгуржи нархлари индекси ишлаб чиқилди. Буғдой уни улгуржи нархларидаги тебранишлар якуний истеъмол товарлари нархига ва умумий инфляция даражасига таъсир қилади.
Улгуржи нархлар ўзгаришининг чакана бозор нархларига бироз кечикиш билан таъсир қилиши ва истеъмол нархлари тўғрисида маълумот тўплаш маълум вақт талаб этиши инобатга олинса, Буғдой уни улгуржи нархлари индекси – BUNNI инфляцияни жиловлашда етакчи индикатор ва эрта огоҳлантириш тизими сифатида хизмат қилади.
Маҳаллий буғдой уни учун BUNNI индекси 2022 йилнинг август ойида ўртача 107,4 ни ташкил этди. Август ойи охирига келиб, ғалла нархини эркинлаштиришга қаратилган ислоҳотларнинг самара бера бошлаши, 2022 йил ҳосилининг бозорга катта ҳажмда кириб келиши ҳамда буғдой импорти бўйича имкониятларнинг кенгайиши буғдой уни учун биржа нархларининг пасайишида ўз аксини топди. Натижада BUNNI индекси 2022 йилнинг сентябрь ойида 106,62 гача, декабрь ойида 105,07 гача камайди.
Таъкидлаш керакки, 2023 йилнинг март-апрель ойларида маҳаллий буғдой уни нархининг пасайиши тезлашди ва бу даврда BUNNI индекси мос равишда ўртача 102,13 ва 99,24 ни ташкил этди. Умуман олганда, 2022 йилнинг август ойидан 2023 йилнинг апрель ойигача бўлган оралиқда маҳаллий ун нархи 7,6 фоизга арзонлашди.
2022 йилнинг февраль ойида дунёнинг энг йирик буғдой етиштирувчи мамлакатлари бўлган Россия ва Украина ўртасидаги можаронинг бошланиши оқибатида жаҳон бозорида буғдой ва ун нархи сезиларли даражада ошди. 2022-йилнинг февраль ойида импорт буғдой уни учун ҳисобланган BUNNI индекси ўртача 88,6 ни ташкил этган бўлса, июль ойида 107,75 гача (+21.6%) кўтарилди.
2022 йилнинг август ойидан бошлаб, жаҳон бозорида буғдой нархининг мувозанатга келиши ва Қозоғистон томонидан буғдой ва ун экспортига қўйилган квоталар муддатининг тугаши натижасида импорт ун нархида ҳам сезиларли пасайиш кузатилди. 2022 йилнинг декабрь ойига келиб, импорт буғдой уни учун BUNNI индекси 98,3 гача тушган бўлса, 2023 йилнинг апрель ойида 91,22 ни ташкил этди. Бу эса импорт буғдой уни ўртача нархи 2023 йилнинг апрель ойида 2022 йилнинг июль ойидагига нисбатан 15,3 фоиз арзонлашганидан далолат беради.
Мамлакатимиз ун бозорида буғдой уни чакана нархлари улгуржи нархларнинг ўзгаришига фақат бир томонлама таъсир кўрсатмоқда, яъни буғдой уни чакана нархлари улгуржи нархлар кўтарилганда кўтарилмоқда. Лекин улгуржи нархлар пасайиши чакана нархларда намоён бўлмаяпти. Масалан, 2022 йилнинг июль ойидан 2023 йилнинг март ойигача бўлган даврда биржада олий навли импорт уннинг ўртача нархи 11,4 фоиз, маҳаллий олий навли уннинг ўртача нархи 13,7 фоиз тушганига қарамасдан, деҳқон бозорлари ва дўконларда олий навли уннинг ўртача нархи 28,3 фоиз ошган.
Ушбу рақамлар буғдой унининг биржадан ташқари таъминот занжирида рақобатни кучайтириш имконияти борлигини кўрсатади. Хусусан, улгуржи харидорлар ўртасида рақобат даражасининг пастлиги, фойда маржасининг юқорилиги, чакана савдо билан шуғулланувчиларнинг инфляцион кутилмалари юқорилиги, транспорт харажатларининг қимматлиги чакана нархларнинг ошиб боришига сабаб бўлиши мумкинлигидан далолат беради.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА