Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 30 март куни Қорақалпоғистон Республикасига бўлган ташрифи давомида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасида ер майдонлари хатлов ишлари ва “ЎзКАД” ахборот тизимига киритиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Ушбу ишларга Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармалари, шунингдек, республика Аэрогеодезия маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлимидан  ташкил топган ишчи гуруҳда 400 нафардан ортиқ ходим жалб қилинган.

–Амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини ошириш ва ер майдонларининг аниқ ўлчовларини олиш мақсадида вилоятлардан жами 25 нафар ходим геодезик техникалар билан жалб қилинган, – дейди Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси матбуот котиби Парахат Ажимуратов. – Ер ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, ундан фойдаланувчилар ва суғориладиган экин майдонларининг аниқ ҳисобини олиш мақсадида олиб борилаётган хатлов ишларида сўнгги технологиялардан, яъни, аэросъёмкалар, ГПС ўлчаш ускуналари ва планшетлардан натижали фойдаланилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида жами 16 миллион 656 минг 123 гектар ер майдони мавжуд бўлиб,  468,8 минг гектар суғориладиган қишлоқ хўжалиги ер майдонида хатлов ишлари олиб борилмоқда. Шундан бугунги кунда 258,6 минг гектарида яъни 56 фоиз суғориладиган ер майдонида хатлов ишлари якунланди.Туманларда олиб борилаётган хатлов ишлари ишчи гуруҳ томонидан мунтазам назорат қилиниб, кунлик ҳисобот юритилмоқда.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА