Боксчиларимиз жаҳон чемпионатида 5 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медалига сазовор бўлди.
Пойтахтимиздаги кўп тармоқли “Humo Arena” спорт мажмуида эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионати ниҳоясига етди. Мусобақанинг сўнгги кунида 4 нафар боксчимиз финал беллашувларида иштирок этди.
Биринчи бўлиб ҳамюртимиз Ойбек Жўраев рингга кўтарилди. Қозоғистонлик Маҳмуд Сабирхан (-54 кг)га қарши жанг юртдошимиз учун муваффақиятсиз кечди ва Жўраев мусобақани кумуш медаль билан якунлади.
Иккинчи финалда иштирок этган Абдумалик Халоков -57 кг вазн тоифасида кубалик Сиедел Хорта билан жангга киришди. Маҳорат бобида анча устунлик қилган ҳамюртимиз ғалаба қозонди ва терма жамоамиз ҳисобига олтин медални қўшиб қўйди.
Ушбу жаҳон чемпионатида дебют қилган Руслан Абдуллаев -63.5 кг вазн тоифасида мўғулистонлик Чинзориг Батарсухдан устун келди.
Ҳамюртларимиз орасида сўнгги бўлиб Саиджамшид Жафаров (-71 кг) финал жангини ўтказди. Афсуски, беллашув қозоғистонлик Асланбек Шимбергеновнинг ғалабаси билан якунланди ва юртдошимиз кумуш медалга лойиқ топилди.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА