Хитой билан Эквадор икки мамлакат ўртасида эркин савдо ҳудуди тўғрисида битим имзолади. Ҳужжатни пайшанба куни ХХР савдо вазири Ван Вэньтао ва Эквадор ташқи савдо, ишлаб чиқариш ва балиқчилик вазири Хулио Хосе Прадо имзолаган.
Хитой иқтисодиёт вазирлигининг ёзишича, расмий келишувга онлайн-форматда эришилган. Кейинги босқичда Хитой ва Эквадор ҳукуматлари ушбу ҳужжатни имкон қадар қисқа муддатда ратификациялаштиришга ҳаракат қилади, дейилади хабарда.
Икки давлат ўртасида эркин савдо битимига эришиш учун музокаралар 2022 йил февралда бошланган эди. 12 ойдан кейин эса томонлар маслаҳатлашув ниҳоясига етказилганини эълон қилди.
Хабарда таъкидланишича, мазкур битим ХХР билан Эквадорнинг иқтисодий ҳамкорлигини янги босқичга кўтаради.