“Олтин қалам” Миллий мукофоти ғолиблари шу мезонлар асосида сараланади
Оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши каби янги модда ва нормалар мустаҳкамланган янги Конституциямиз жорий йил 1 майдан кучга кирди. Асосий қонунимиз билан боғлиқ бу ислоҳотлар юртимизнинг ҳар жиҳатдан тараққий этишига, жумладан, журналистикамиз, миллий медиа соҳаси ривожланишига ҳам ҳуқуқий асос яратади.
Мамлакатимизда матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида оммавий ахборот воситалари ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга устувор вазифа сифатида қаралмоқда.
Журналистларда ижодий фаолиятга янгича ёндашувларни шакллантириш ва рағбатлантириш мақсадида ўтказиб келинаётган танловлар кўп. “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танловни улар ичида энг нуфузли ва эътиборлиси, десак янглишмаймиз. Шу ўринда унинг фаолияти тарихига бир назар ташлаб ўтиш жоиз.
Мазкур танлов 2006 йили Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан таъсис этилган. “Олтин қалам” I халқаро танловида юз нафардан кўпроқ журналист қатнашган. Ўша йили уч асосий номинация — телевидение, радио ва босма нашрлар бўйича (ҳар бир асосий номинация бўйича ҳозиргидек уч эмас, бир нафардан ғолиб бўлган) ўтказилган танловда “Ўзбекистон” телерадиоканали “Юксалиш” студияси катта муҳаррири Норқобил Жалилов (“Яхшилик” кўрсатувлар туркуми учун), “Ўзбекистон” телерадиоканали бўлим мудири Шарофиддин Тўлаганов (халқаро мавзудаги эшиттиришлар туркуми учун), “Туркистон-пресс” нодавлат ахборот агентлиги сиёсий шарҳловчиси Иброҳим Норматов (долзарб мавзудаги таҳлилий мақолалар туркуми учун) “Олтин қалам”нинг илк ғолибларига айланган.
Танловнинг ўнта рағбатлантирувчи номинацияси бўйича эса Абдумутал Абдуллаев, Чори Латипов, Ҳамид Қаҳрамонов, Ильдар Мударисов, Ғулом Мирзаев, Санъат Маҳмудова, Ҳакимжон Раҳмонов, Маҳмуджон Эшонқулов, Аҳмад Ал Зубайди ҳамда “ТВ Марказ” жамоаси мукофотланган.
Бош миллий мукофот 2007 йил жорий этилган ва асосий номинациялар қаторига интернет-журналистика йўналиши ҳам қўшилган. Ҳар бир йўналиш бўйича 1, 2 ва 3-ўринлар жорий этилган. Танлов йиллар давомида такомиллашиб борди. Замон талабидан келиб чиққан ҳолда, таклиф ва тавсиялар асосида унинг низомига ўзгартиришлар киритилди. 2021 йилдан бошлаб эса “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” рағбатлантирувчи номинацияси асосий мукофотлар қаторига қўшилган.
“Олтин қалам” ташкил этилган дастлабки йилларда унинг ғолиб ва совриндорларига бериладиган мукофот — пул ва совғалар ҳомийлар ҳисобидан қопланган бўлса, 2009 йилдан 2018 йилгача танловни Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси молиялаштирган. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 августдаги “Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори танловни молиялаштириш билан боғлиқ муаммоларни ҳам бартараф этиш имконини берди.
Республикамиз оммавий ахборот воситалари ҳамда уларда фаолият олиб бораётган журналистлар учун янада кенг имтиёз ва имкониятлар яратган Президентимизнинг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида 2023 йилдан бошлаб танлов рағбатлантирувчи номинациялари 5 тадан 12 тага кўпайтирилди.
Бош миллий мукофот соҳибига енгил автомобиль берилиши белгиланди. Кейинги йилларда 1-ўрин соҳибларига Ўзбекистонда белгиланган базавий ҳисоблашнинг 160, 2-ўринга 140, 3-ўринга 120 баробари миқдорида пул мукофоти берилган бўлса, жорий йилдан 1-ўринга 200, 2-ўринга 175, 3-ўринга 150 баробари миқдорида пул мукофоти ажратиладиган бўлди. Шунингдек, рағбатлантирувчи номинация ғолибларига бериладиган пул миқдори базавий ҳисоблашнинг 50 баробаридан 100 баробарига оширилди.
2022 йили танлов мукофот жамғармаси 769 миллион 500 минг сўм этиб белгиланган бўлса, жорий йилда қарийб 1,5 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Жорий йилдан танловнинг янги низом асосида янгича форматда ўтказилаётгани унга бўлган қизиқишни янада оширди.
Бу йил танловда айни кунгача 526 нафар журналист, жумладан, 28 та ОАВ жамоаси иштирок этмоқда. Ижодий ишлар 2023 йил 13 май 15:00 гача қабул қилинишини назарда тутсак, танлов иштирокчилари сони рекорди янгиланиши ойдинлашади.
Таъкидлаш жоиз, шу пайтгача “Олтин қалам”да публицистик жанрда китоб ёзган журналистлар, теле ва радио бошловчилар иштирок этмаган. Эндиликда танловга “Публицистик жанрдаги энг яхши китоб учун”, “Халқ эътирофига сазовор бўлган теле ва радио бошловчи” каби янги номинациялар киритилиши журналистиканинг барча йўналишида ижод қилаётган ОАВ вакилларини қамраб олишга имкон беради.
Танлов низоми таклиф ва тавсиялар асосида бутунлай янгидан ишлаб чиқилган. Унда ҳакамлар ҳайъати аъзолари ғолибларни аниқлашда иштирокчилар материалларини қанча одам ўқигани, эшитгани ва томоша қилгани ҳамда ижодий ишларга аҳоли вакиллари, соҳа етакчилари ва мутахассислар қандай муносабат билдирганига ҳам алоҳида эътибор қаратиши белгиланган.
Шунингдек, ижодий ишлари танловга тақдим этилмаган ОАВ вакилларининг жамоатчилик эътиборига тушган, қизғин муҳокамалар ва алоҳида эътирофга сазовор бўлган материаллари ҳам кўриб чиқилиши мумкин. Танлов низомидаги “Мукофот бир шахс ва бир жамоага такроран берилмайди” сўзлари олиб ташланди.
Яна бир янгилик: бу йил “Олтин қалам” танлови ғолибларига бериладиган статуэтка ҳам янгиланди. Цинк материалидан ишланган статуэткаларимиз Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида тайёрланган.
Тақдирлаш маросими бу йил “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида ташкил этилмоқда.
Жорий йилда ҳам “Олтин қалам”нинг ўтказилиши ҳақида маҳаллий ОАВ, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда “Дунё” ахборот агентлиги веб-сайти ва телеграм канали, Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги ваколатхоналари орқали чет давлатлардаги ОАВда ўзбек, рус, инглиз, немис, хитой, француз, испан, араб, тожик, қозоқ ва бошқа тилларда ҳам тарғибот материаллари эълон қилинди.
Амалга оширилаётган бу каби ишлар натижасида “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” номинацияси бўйича иштирок этувчи хорижлик журналистлар сафи кўпайиб боряпти.
Чет эллик журналистларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, маданият, туризм ва бошқа соҳаларни ёритишга интилиш кучли бўлгани учун уларнинг мамлакатимиз ҳақидаги ижодий ишлари сони йилдан-йилга ортмоқда.
“Олтин қалам” XVII Миллий мукофоти учун халқаро танловда 25 давлатдан 50 дан зиёд журналист қатнашаётгани, улар орасида Европа ва Осиё қитъасидан шу соҳа вакиллари борлиги ҳам буни тасдиқлайди.
Танловнинг ҳар бир номинацияси ғолиблиги учун рақобат катта, муносиблар кўп, аммо ўринлар чекланган. Лекин “Олтин қалам”да иштирок этаётган ҳар бир журналист ёки ижодий жамоа ғолибликдан умид қилади.
Шу маънода, ижтимоий тармоқларда “ғолибликка у муносиб, бу лойиқ” тарзида фикр-мулоҳазалар берилаётгани ҳам табиий ҳол. Яъни бундай жараён доим бўлиб келган. Шу ўринда тегишли изоҳ билдириб ўтиш ўринли.
Журналист таниқли, истеъдодли, қалами ўткир бўлиши мумкин. Лекин бу унинг айни йил “Олтин қалам”да ғолиб ёки совриндор бўлиши шартлигини англатмайди. Яъни у бир неча йиллар аввал ўз ижодий ишларини матбуот орқали эълон қилган ва эътироф этилиб, ном қозонган бўлиши мумкин. Бундан барчамиз мамнун, албатта. Умуман, ҳар бир журналистнинг сермаҳсул ижод қилган йиллари бўлади. Айни пайтда “Олтин қалам” низомига кўра, танловда иштирокчи журналистнинг фақат 2022 йил 31 мартидан 2023 йил 31 мартигача (сўнгги бир йил оралиғида) ОАВда эълон қилинган материаллари кўриб чиқилади.
Айни кунларда “Олтин қалам” танлови иштирокчиларининг ижодий ишларини соҳа бўйича катта тажриба ва билимга эга, адолатли устозлардан таркиб топган нуфузли ҳакамлар ҳайъати аъзолари кўриб чиқмоқда. Зеро, бу борадаги барча саъй-ҳаракатлар мазкур танлов холис, шаффоф ва ҳаққоний ўтиши таъминланишига қаратилган.
Холмурод САЛИМОВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.в.б,
“Олтин қалам” Миллий мукофоти ташкилий
қўмитаси раиси