“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасида ўтказилган матбуот анжуманида 2022 йилда қурилиш материаллари соҳасида илм-фан ютуқлари, инновацион ғоялар бўйича амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.
Унда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Азизбек Баҳодиров ўтган йилда қурилиш материаллари соҳасида илм-фан ютуқлари ва инновацион ғоялар сарҳисобига тўхталиб ўтди.
– 2021-2022 йиллар ҳолатига кўра, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси қошидаги Қурилиш материаллари саноати илмий-техникавий кенгашига жами 50 та илмий лойиҳа келиб тушган, – деди А.Баҳодиров. – 50 та лойиҳадан 26 таси экспертлар томонидан баҳоланиб, илмий-техник кенгаш йиғилиш кун тартибига киритилган. Ўтган 26 та лойиҳадан 11 та илмий лойиҳага кенгаш қарори билан 15,5 миллиард сўм ажратилган. Шу билан бирга, янги технологиялар, тадқиқот ва инновация соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш, ривожлантириш ва чуқурлаштириш мақсадида 20 та корхона билан уюшма ва олий таълим муассасалари ўртасида интеграция йўлга қўйилиб 3 томонлама шартномалар имзоланди. Натижада 2022 йилда олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари томонидан жами 31 та инновацион технологиялар қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналари амалиётга жорий қилинди. Ўз навбатида, соҳага тааллуқли 13 та ишланма тижоратлаштирилиб, жами 0,73 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди ва 1,06 миллиард сўмлик маҳсулот реализация қилинди ҳамда 2,3 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилди.
Таъкидлаб ўтилганидек, 2022 йилда 16 та лойиҳа тижоратлаштирилган. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат дастурлари доирасида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан 17,7 миллиард сўмдан ортиқ ҳамда тармоқ ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектлари томонидан 12,2 миллиард сўмдан ортиқ маблағ жалб қилинган.
Натижада 130 дан ортиқ ишчи ўрин яратилган ва 21 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, бино ва иншоотлар қурилиши, йўл қурилиши ҳамда биноларни ички ва ташқи безаклари учун бўёқлар, том ёпиш учун қопламалар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган.
Анжуманда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Илм-фан ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Отажонов вазирлик томонидан илмий муассасалар фаолияти мувофиқлаштириб борилишини таъкидлади.
– Асосий илмий лойиҳаларнинг ягона буюртмачиси сифатида тармоқ корхоналари билан шу тизимдаги илмий ечимини таъминлашга доир муаммолар аниқланади. Бу ўринда биз “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси билан ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Яъни, тармоқ тегишли йўналишлардаги муаммони бергандан кейин вазирлик томонидан алоҳида давлат буюртмаси ишлаб чиқилади. Давлат буюртмаси ана шу муаммонинг ечими йўлида бюджетдан ажратиладиган маблағлар ва кутилаётган натижалар маълум бўлгандан кейин илмий лойиҳаларга танлов эълон қилинади. Бу танлов очиқ ва шаффоф тарзда ўтказилади. Танловлар асосида энг яхши лойиҳалар молиялаштирилади. Президентимизнинг 2019 йил 23 майдаги “Қурилиш материаллари саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси қошида Қурилиш материаллари саноати илмий-техникавий кенгаши ташкил этилган. Кенгашга шу йўналишдаги фаолият юритаётган 25 нафар олим ва мутахассис жалб қилинган. Улар танловга келиб тушган лойиҳаларни баҳолайди ва вазирлигимизга тавсия қилади. Вазирлик эса уларни молиялаштиради. Бундан кўзланган асосий мақсад қурилиш материаллари соҳасида импорт ўрнини қоплаш, маҳаллий хомашёлар ва техноген чиқиндиларни чуқур қайта ишлаш асосида янги қурилиш материаллари технологияларини яратишдир, – деди Ш.Отажонов.
Анжуманда Азизбек Баҳодиров маълумот берганидек, ҳозирги кунда қурилиш материалларининг янги турларини ишлаб чиқиш бўйича умумий қиймати 12,1 миллиард сўмлик 10 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳалар якунига кўра, таркибида глауконит ва темир мавжуд бўлган пигментлар олиш технологияси, минераллашган қувур, панель ва пол қопламалари ишлаб чиқариш инновацион технологияси, “яшил цемент” композицияларини ишлаб чиқариш технологияси, саноат чиқиндилари асосида аглопорит олиш технологияси, янги авлод олигомер антипиренларни қўллаб ёғоч қурилиш материаллари ва буюмларининг оловбардошлигини оширишнинг ресурс тежамкор технологияси яратилиши кутилмоқда.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА мухбири