2023 йилнинг 17 апрелидан эътиборан «AnadoluJet» авиакомпанияси Туркия пойтахти Анқарадан пойтахтимиз Тошкент шаҳрига тўғридан-тўғри парвозларни йўлга қўйди.

Турк ҳаво йўллари ва «AnadoluJet» бўйича чипта нархлари қиёсланганда «AnadoluJet»да Тошкент – Анқара йўналиши учун чипталар қиймати бугунги кунда 2,4 миллион сўмни ташкил этса, Анқара – Тошкент йўналиши учун 1,7 миллион сўм этиб белгиланган. Ушбу йўналишдаги йўналишлар ҳафтада бир марта – душанба кунлари мунтазам равишда амалга оширилиши режалаштирилган.

Турк ҳаво йўлларида эса кўрсаткичлар бироз юқори бўлиб, унда Тошкент – Истанбул йўналиши учун бугунги кундаги чипта нархлари 2,8 миллион сўмдан бошланса, Истанбул – Тошкент рейслари учун 4,7 миллион сўмни ташкил этмоқда.

Маълумот ўрнида, «AnadoluJet» бош қароргоҳи Анқарада жойлашган. У Турк ҳаво йўлларининг қўшимча тармоғи бўлиб, эконом класс йўловчилари учун имтиёзли нархдаги парвозлар ва сифатли хизматларни тақдим этиб келмоқда. Авиакомпания паркида 77 та самолёт мавжуд бўлиб, улар 89 та йўналишда ички ва халқаро рейсларни амалга оширади.

 

М.Қосимова,  

ЎзА