Япония мудофаа вазирлиги ўзининг кибер бўлинмаси сонини икки баробарга оширишга қарор қилди. Келаси йилнинг 31 мартигача уларнинг сони тахминан 2 минг 230 кишига етказилади. Бундан ташқари, бундай мутахассисларни тайёрлаш учун алоҳида ўқув юрти ташкил қилинади, деб ёзмоқда Sankei газетаси пайшанба кунги сонида.

Нашрнинг маълум қилишича, 2027 йилга бориб кибер бўлинма сони  4 минг кишига етказилади. Хизмат кўрсатувчи ва ёрдамчи техник ходимларни қўшиб ҳисоблаганда у 20 минг кишидан иборат бўлади.  

Хабарда айтилишича, Япония қуролли кучлари қўмондонлиги киберкенгликларида амалиёт ўтказиш соҳасида орқада қолаётганидан хавотир билдирган. Замонавий дунёда олиб бориладиган ҳарбий ҳаракатлар нуқтаи назардан олиб қараганда кибергуруҳларнинг аҳамияти ошган, дейди Sankei газетаси. Масалан, АҚШ ҳарбий тузилмасида бундай мутахассислар сони 6,2 мингга етади.