Мамлакатимиз раҳбарининг жорий йил 2-3 май кунлари Германия Федератив Республикасига ташрифи давомида кўпгина соҳалар қатори энергетика тизими бўйича ҳам қатор манфаатли келишувларга эришилди.

Германия-Ўзбекистон бизнес форуми доирасида “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ва “Siemens Energy” ўртасида Бухоро шаҳар 3-сонли иссиқлик таъминоти қозонхонасида ва Муборак ИЭМ корхонасида энергосамарадор газ турбинаси ўрнатиш бўйича иккита лойиҳа доирасида 72 миллион  евро миқдорида имзоланган шартнома улардан биридир.

«Иссиқлик электр станциялари” АЖ Матбуот хизматининг маълум қилишича,  юртимизда когенерация технологияларини жорий этиш  йўналишида амалга оширилаётган ишларнинг узвий давоми сифатида баҳоланаётган мазкур лойиҳага кўра, Бухоро шаҳрининг 3-сонли иссиқлик таъминоти қозонхонасида ва Муборак ИЭМ корхонасида ҳар бирининг қуввати 54 МВтга тенг бўлган иккитадан, жами 4 та газ турбина ўрнатилади.

– Мазкур лойиҳаларнинг ишга туширилиши мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг умумий қувватини 216 МВтга оширади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу йилига 1,7 миллион киловатт соат электр энергияси ва 1,5 миллион Гкал иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш имконини беради. Шунингдек, 80 та янги иш ўринлари яратилади. Лойиҳаларни амалга ошириш даврида, республикамизнинг минг нафар малакали мутахассисларини иш билан таъминлаш имконияти пайдо бўлади.   Бугун олдимизда турган асосий вазифалардан бири соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этишдан иборат. Бугун имзолаганимиз каби шартномалар албатта тизимни давлатимиз раҳбари талаби асосида модернизация қилишга кенг имкон беради,- деди “Иссиқлик электр станциялари” АЖ бошқаруви раиси в.б. Баҳодир Жўраев.

 

Насиба Зиёдуллаева тайёрлади,  ЎзА