Украинада Халқаро жиноятлар суди (ХЖС) ваколатхонасини очиш ҳақидаги келишув пайшанба куни Гаагада имзоланди, деб хабар тарқатди Украина бош прокурори идораси.

“Пайшанба куни Гаагадаги Халқаро жиноятлар суди биносида бош прокурор Андрей Костин ХЖС котиби Питер Льюис билан бирга ушбу ташкилотнинг Украинада ваколатхонасини очиш бўйича келишувни имзолади”, – дейилади бош прокурор идораси ўзининг ижтимоий тармоқдаги канали орқали тарқатган хабарида.  

ХЖС юрисдикциясини сайёрамиздаги кўплаб мамлакатлар тан олмаган. Улар орасида  Россия, Озарбайжон, Беларусь, Миср, Ҳиндистон, Индонезия, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Саудия Арабистони, АҚШ, Туркия каби давлатлар ҳам бор.