Молдова парламенти кўпчилик овоз билан конституция матни, барча қонунлар ва қонуности ҳужжатларида “молдова тили” сўзини “румин тили” сўзига расмий равишда алмаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади.

Кеча ҳукмрон Ҳаракат ва бирдамлик партияси томонидан таклиф этилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди. Бу ҳақда мамлакат парламенти матбуот хизмати хабар берди. Шу билан бирга, коммунистлар ва социалистларнинг мухолифат фракцияси қонун лойиҳасига қарши чиқишган эди.

Сессия ишида ҳукмрон партия ва ҳукуматга қарши плакатлар кўтаришди. Шунга қарамай мухолифат лойиҳа бўйича овоз беришни кун тартибидан чиқара олмади. 2013 йилда Молдова Конституциявий суди румин тилини давлат тили, деб олиш тўғрисида қарор чиқарган эди.

“Қарор якуний ҳисобланади ва унинг устидан шикоят қилиниши мумкин эмас”, дейилганди. Аммо у ижросиз қолиб келаётган эди. Давлат тили тўғрисидаги баҳслар мамлакат мустақилликни қўлга киритгандан бери узлуксиз давом этиб келаётган эди.

“Барчани табриклаймиз. Бундай қарор қабул қилиш бироз кечикди, охири уни қўлга киритдик”, Молдова парламенти спикери Игорь Гросу сўзларидан иқтибос келтирди “NewsMaker” нашри.

 

ЎзА