Қозоғистонда 6 мартдан бошлаб жамоат жойларида ва ижтимоий тармоқларда сўкинганларга янги жарима кучга кирди, деб ёзмоқда «Казинформ» агентлиги.

Жамоат жойларда сўкиниш, шунингдек, ҳақорат қилиш, бинолар ва иншоотларга ёмон сўзларни ёзиш  69 минг танга миқдорида жаримага ёки 15 кунлик қамоқ жазосига  сабаб бўлиши мумкин.  

«Жорий йилдан бошлаб енгил безорилик учун жазо чоралари кучайтирилади. Бу жамоат тартибини бузиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида қилинмоқда. Масалан,  автобусда кимдир болалар ёки кекса авлод вакиллари қаршисида сўкинса, унга 69 минг тенге (160 доллар) жарима кўзда тутилади ёки 5 кундан то 15 кунгача қамалиши мумкин», – дейди Қозоғистон Республикаси ички ишлар вазирлиги маъмурий полиция қўмитаси раисининг ўринбосари Ренат Зулхаиров.

Ҳар бир сўкиниш учун полиция ходимлари далил тўплайди. Бунга фуқароларнинг аризаси, гувоҳлик бериши ёки қонун бузилиши тўғрисидаги видео ёки аудиофиксациясини тақдим этиши сабаб бўлиши мумкин, дейилади хабарда.