Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева АҚШнинг мамлакатимиздаги янги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Хеникни қабул қилди.

Сенат Раиси элчини юксак ва масъулиятли вазифага тайинлангани муносабати билан самимий қутлади.

Учрашув чоғида Ўзбекистон – АҚШ ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, жумладан, парламентлараро алоқаларни кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди.

Т.Норбоева парламентлараро алоқалар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашнинг муҳим механизмларидан бирига айланиши лозимлигини таъкидлади. Стратегик ҳамкорликнинг ҳозирги босқичи парламент миқёсидаги яқин алоқаларни акс эттириши зарур. Ўзаро муносабатларни янада юқори босқичга кўтаришда мулоқотлар изчиллигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.

Суҳбат давомида икки мамлакат парламентлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтиришда АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатасида шакллантирилган  “Ўзбекистон бўйича Кокус” (дўстлик гуруҳи)нинг ўрни ва фаолияти самарадорлиги таъкидлаб ўтилди.

Элчи Жонатан Хеник самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, 26 йил аввал Ўзбекистонда бўлгани, ўтган вақт ичида мамлакатда барча соҳаларда жуда катта ижобий ўзгаришларнинг гувоҳи бўлганини айтиб ўтди. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, меҳнат муносабатлари, гендер тенглиги масалаларида эришилган натижаларни юқори баҳолаб, айниқса, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам бериш борасида Ўзбекистоннинг тажрибасини бутун жаҳонга намуна сифатида кўрсатиш мумкинлигини ва бу борада бошқа давлатлар ўзбек тажрибасини ўрганиши зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Учрашувда савдо-иқтисодий алоқаларни фаол ривожлантириш,  бу жараённи фаоллаштиришда Ўзбекистон ва АҚШнинг турли соҳалари вакилларининг ўзаро ташрифларини амалга ошириш, бундай ёндашув икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан кенгайтиришга хизмат қилиши қайд этилди.

Мулоқот давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, ижтимоий, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, аёллар тадбиркорлиги ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини кучайтириш, гендер тенгликни таъминлаш борасида фикр алмашилди.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА