Жорий йилнинг 12 март куни юртимизда соғлом турмуш тарзини янада кенг тарғиб этиш мақсадида спортчилар учун муҳим халқаро рейтинг очколари тақдим этадиган V халқаро Тошкент марафони ҳамда мамлакатимизнинг 14 та ҳудудида бир вақтда “Yangi Nafas” оммавий югуриш мусобақалари ўтказилади.

– Олимпия ўйинларига рейтинг очколари тақдим этадиган V халқаро Тошкент марафонига нафақат юртимизда, балки хорижий мамлакатларда ҳам қизиқиш юқори. Бу мазкур мусобақада иштирок этиш учун юборилаётган талабномалар рўйхатида ҳам яққол акс этмоқда. Мазкур мусобақа Халқаро енгил атлетика федерацияси тақвим режасидан жой олган бўлиб, унинг ўтказилиш тартиби, натижаларни баҳолаш жараёни махсус воситалар ёрдамида амалга оширилади. Оммавий югуриш ва марафон мусобақалари 100 минг атрофидаги иштирокчини қамраб олиши кутилмоқда. Шу ўринда айтишим керакки, бугунги кунга келиб пойтахтимиз Тошкентда ва югуриш мусобақалари ўтказиладиган ҳудудларда ишчи гуруҳ штаблари ташкил этилиб, тайёргарлик ишлари қизғин олиб борилмоқда, – дейди Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси бош котиби Камолиддин Рўзамуҳамедов.

Ушбу нуфузли мусобақада юртимиз шарафини ҳимоя қилиши кутилаётган енгил атлетикачиларнинг тайёргарлик жараёнлари қандай кечаётганлиги кўпчиликни қизиқтириши табиий.

Енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар штабининг хабарига кўра, мусобақаларга ҳозирлик кўраётган атлетларимиз турли масканларда машғулотларни олиб бормоқда. Жумладан, Шоҳруҳ Давлатов Кенияда, Екатерина Тунгускова эса Фарғонада машғулот ўтказмоқда. Марина Хмелевская Тошкентдаги йиғинни якунлаб, Қирғизистондаги ўқув-машғулотларга йўл олган.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА