Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов Миср Араб Республикасига хизмат ташрифи доирасида Олий таълим ва илмий тадқиқотлар вазири Айман Ашур билан музокаралар ўтказди.

Учрашув аввалида томонлар 2022 йилнинг октябрь ойида имзоланган икки давлат ўртасида илм-фан, тадқиқотлар ва инновацияларни ривожлантириш йўналишида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича Англашув меморандуми доирасида амалга оширилаётган ишлар борасида фикр алмашдилар.

И.Абдураҳмонов янги ташкил этилган Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг вазифалари, мақсадлари ва режалари ҳақида маълумот бериб, олий ва профессионал таълим соҳасида ҳам ҳамкорликда лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш лозимлигини қайд этди.

Учрашувда Миср олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида дарс беришлари масаласи бўйича фикр алмашилди. Миср томони бу таклифни қўллаб-қувватлашини билдирди. Томонлар журналистика, туризм ҳамда аниқ фанлар йўналишларида таълим берувчи мисрлик мутахассисларни Ўзбекистонга жалб қилиш масаласига келишдилар.

Шунингдек, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ҳамда Миср Араб Республикаси Олий таълим ва илмий тадқиқотлар вазири ҳамкорликдаги 2023-2024 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси лойиҳасини муҳокама қилиб, имзолашга келишдилар.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон билан Миср ўртасида олий таълим соҳасида, хусусан, араб тили ва араб адабиёти, исломшунослик, манбашунослик, Араб Шарқи мамлакатлари иқтисодиёти, фармакология, қишлоқ хўжалиги, ветеринария ва бошқалар йўналишларда мустаҳкам алоқалар мавжуд бўлиб келган.

Шу билан бирга, юртимизнинг қатор олий таълим масканларида араб тили бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Хусусан, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Самарқанд давлат чет тили институти, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ва Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида жами 4 мингдан ортиқ талаба араб тилини алоҳида таълим йўналиши сифатида ўрганмоқда.

 

ЎзА