Муҳтарам Президент! Ўзингиз билан Тошкент гуллари, ўзбек деҳқонлари пешона тери ифори ва Самарқанд ўғлонлари бармоғи изи тушган нон олиб келишингизни сўраймиз.
Ташриф олдидан
Хабар берганимиздек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ Ас-Сисининг таклифига биноан бугун ва эртага расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади.
Ташриф олдидан ЎзА мухбири Миср – Ўзбекистон Дўстлик уюшмаси раиси – профессор, доктор Магди Заабал билан суҳбатлашди. У икки мамлакат муносабати тарихига тўхталар экан, шундай деди:
– Аввало, шуни айтмоқчиманки, биз Ўзбекистонни бой тарихга эга, цивилизация равнақ топган мамлакат сифатида биламиз. Бу заминдан қомусий билими билан дунёни лол қолдирган кўплаб буюк алломалар етишиб чиққан.
Муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев Мисрга ташриф буюриб, бу ерга миллий мустақиллик, замонавий иқтисодиёт, илмий тикланиш қадриятлари билан бирга буюк тарих ва равнақ топган цивилизация элементларини, ўтмиш ва келажак ўртасидаги ўзига хос ва умумий илҳомбахш ютуқларни ҳам олиб келади.
– Жаноб Магди, Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги муносабатнинг жорий ҳолатига, умуман, ҳамкорлигимизнинг бугунги кундаги устувор йўналишларига қисқача тўхталсангиз.
– Ўзбекистон мустақилликка эришгач, янги давлат барпо этишнинг маданий таркиби ва замонавий руҳи билан ажралиб турадиган миллий тикланиш жараёнига қадам қўйди. Айнан шуни “ўзбек тараққиёти модели” деб аташ жоиз. Жаҳон мамлакатлари республика мустақиллигини тан олиб, мамлакатга сиёсий, иқтисодий, техник жиҳатдан ёрдам кўрсатишга баҳоли қудрат ҳисса қўшмоқда. Жумладан, Миср ҳам Ўзбекистонда ўз элчихонасини очган, икки мамлакат ўртасидаги маданий ва илмий алоқалар маскани – Миср маданият маркази фаолият юритмоқда.
– 2018 йил 4 сентябрь куни Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ Ас-Сиси расмий ташриф билан мамлакатимизга келган, ўтказилган музокаралар якуни бўйича давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти ва бошқа қатор келишувлар имзоланган эди. Ўтган 4 йил мобайнида қабул қилинган ҳужжатлар натижаси ўлароқ, Мисрда қандай ижобий ўзгаришлар кузатилди?
– Президент Абдулфаттоҳ Ас-Сисининг 2018 йил Ўзбекистонга амалга оширган тарихий ташрифи икки давлат ўртасида янги уфқлар очди. Шахсан менда ушбу ташриф ўзгача ёқимли таассурот қолдирди, чунки Қоҳирадаги Миср ва Ўзбекистон Дўстлик уюшмаси раҳбари сифатида Президент Сиси билан учрашиб, Ўзбекистон ҳақида ёзган икки китобимни унга совға қилдим. Шу билан бирга муҳтарам Президентдан дунё цивилизациясидаги юксак мавқеи ва Марказий Осиёдаги беқиёс стратегик аҳамияти тасдиғи сифатида имкон қадар тезроқ Ўзбекистонга ташриф буюришини сўрадим.
Ташриф муваффақиятли амалга оширилди. Давлат раҳбарлари дипломатия, қишлоқ хўжалиги, ёшлар, спорт, адлия, туризм, тарих, маданий мерос, музейлар, олий таълим, икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш бўйича қатор шартномалар имзолашди. Сўнгги тўрт йилда аксарият келишувлар бўйича муносабатни ривожлантиришга эришдик.
Ўзбекистоннинг кўплаб компаниялари, ишбилармонлари Қоҳирага келишди. Сиёсий соҳада мен Шанхай ҳамкорлик ташкилоти қўмитасидан Тошкентга таклифнома олдим ва ўтган йил майда Халқ дипломатияси бўйича бўлиб ўтган анжуманда Миср вакили сифатида иштирок этдим.
– Тарихдан маълумки, бизнинг буюк аждодимиз – астроном, математик ва географ Аҳмад Фарғоний юлдузлар ҳаракатини узлуксиз кузатиш баробарида Нил дарёси сатҳидаги ўзгаришни дарёдан узоқ-яқинлигига қараб аниқлаган, ер ҳосилдорлиги жадвалини тузган. Шу тартибда солиқ тизимини яратган. Олимнинг Нил дарёси оролларидан бири – “Роуд бурни”га қурган “Миқёси Нил” ускунаси Мисрда янгича солиқ миқдорига асос солган. Мазкур илмий кашфиётлар мамлакатда ҳозир қай даражада муҳим аҳамиятга эга?
– Ҳа, албатта, бу ноёб илмий ютуқлардан биридир, чунки ҳижрий 248 милодий 862 йилда аббосий халифа Ал-Мутаваккилнинг топшириғига кўра, Аҳмад Ал-Фарғоний Мисрга ташриф буюриб, Қоҳира марказидаги Ал-Ровуд оролида Нилометр ўрнатган. Айниқса, Катта тўғон қурилаётган ва дарё сатҳи тўғон билан бошқарилган пайтда бу ускуна катта аҳамият касб этган.
Бу ўлчов ускунаси илм фан ютуғи ва олимларнинг ўз Ватани тараққиётига хизматини акс эттирувчи ўлмасдир. Аҳмад Ал-Фарғонийнинг илмий мероси ва унинг Қоҳира қоқ марказидаги ҳайкали Миср ва Ўзбекистон ўртасидаги абадий дўстлик рамзи бўлиб қолади.
– Яхши биламиз, Мисрда ўзбек маҳаллалари бисёр. Кўплаб ўзбекистонликлар мамлакатнинг турли ҳудудларидан қўним топган. Мутахассис ёки оддий инсон сифатида бизнинг ватандошларимиз ҳақида қандай фикрдасиз?
Қоҳира марказидаги театр атрофида катта парк ва машҳур китоб ярмаркаси мавжуд. Буларнинг бари ўзбек этник гуруҳи номи билан боғлиқ. Қоҳираликлар бу ҳудудни ўзбек маҳалласи деб аташади. Ўрта асрларда бу маҳаллада Ўрта Осиёдан келганлар истиқомат қилган, боққа ҳам ўзбеклар асос солган. Бундан ташқари ўзбеклар билан боғлиқ масжид, кўча ва маҳаллалар ҳам бор. Ушбу маданият бинолари ўз тарихига эга, шунингдек, уларнинг келиб чиқиши ҳақида ҳикоя ва афсоналар мавжуд.
Ҳозир Қоҳира марказида ўзбеклар билан боғлиқ эски маҳалла сақланиб қолганига алоҳида тўхталмоқчиман. Бу маҳаллада Шош (Тошкентнинг қадимий номи), Бухоро, Фарғона, Тароз (Жамбулнинг собиқ номи) оилалари яшайди. Улар ўз ота-боболари келган жой номларини ҳозиргача муқаддас сақлаб келаётгани ҳайратланарли. Миср тарихчилари ёзганидек, бу маҳалланинг ташкил топиш тарихи ХIV аср охирига бориб тақалади.
Шунингдек, инсоният тарихидаги биринчи муҳандис, илк шифокор ва илк тарихчи қадимги мисрлик даҳо олим, “бизнинг бобомиз” “Имхотеп” ҳақидаги қадимги мисрликларнинг астрономияга бўлган қизиқиши ва донолигини ифодаловчи афсоналардан бири. Аждодларимиз кўплаб илмий ютуқларида ўзбек алломалари ўрни улкан эканини таъкидлашган.
Қайд этиш жоиз, Миср ва Ўзбекистон ўртасидаги цивилизациявий яқинлик ҳар икки томонда олимлар кўплиги билан белгиланади: Имхотеп биринчи, Ибн Сино учинчи шифокор, Ал-Хоразмий дунёвий олим.
– Ўзбекистон – Миср алоқаларини ривожлантириш, янги истиқболли йўналишларни топиш орқали ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун нима қилиш керак? Бу жараёнда қайси жиҳатларга эътибор қаратиш лозим, деб ўйлайсиз?
– Бу борада кўп таклифларимиз бор. Алоқани мустаҳкамлаш, бир-биримизга инвестиция киритишимиз зарур. Шу боис, ҳамкорликнинг устувор йўналишларига тўхталмоқчиман:
Биринчидан, иқтисодий ҳамкорлик ва саноатни маҳаллийлаштириш мақсадга мувофиқ. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатни ривожлантиришга ҳисса қўшадиган соҳалардан бири. Саноат, айниқса, оғир саноат тараққиёт локомотиви бўлгани туфайли умумий бозорларни кенгайтиришда инқилобий ва ҳал қилувчи рол ўйнайди.
Сўнгги тўрт йил кўп жойларда сезиларли иқтисодий фаоллик ва ривожланиш кузатилди. Янги таклифлар ҳақида сўрасангиз, юртингизда тери, фармацевтика, кийим-кечак саноати каби йўналишлар бўйича Миср саноатини маҳаллийлаштиришдан бошлашни таклиф этган бўлардим. Бундан кўзланган асосий мақсад ўзбек бозорини Миср маҳсулотлари билан тўлдириш ва уларни Россия, Марказий Осиёга экспорт қилиш. Айни пайтда Миср орқали араб ва Африка бозорларига ҳам ўзбек маҳсулотларини олиб кириш.
Иккинчидан, маданий мерос: Бу қўлёзма, археология, араб тили ва тарих йўналишларида давлатларимиз ўртасидаги муносабатни ривожлантиришнинг самарали йўли.
Маданий туризм масаласи эса алоҳида эътироф талаб этади. Мисрда миллионлаб сўфийлар Бухоро ва Ўзбекистоннинг турли вилоятларидаги зиёратгоҳларга ташриф буюришни истайди. Агар бу дастур муваффақиятли амалга ошириладиган бўлса, қандоқ яхши.
Учинчидан, талаба ва ёшлар делегациялари алмашинуви икки мамлакат ижобий тажрибасини ўрганишга салмоқли ҳисса қўшади. Ўз ўрнида, олий таълим ва илмий тадқиқотлар ўзаро тараққиёт стратегиямизга беовостиа тўғри келишини айтиб ўтмоқчиман.
Ўзбекистон ва Миср барча соҳаларда илмий ютуқларга эришган. Муносабатларимизда умумий соҳалар ҳам мавжуд бўлиб, шулардан энг муҳими қишлоқ хўжалигидир. Хусусан пахта, мева ва сабзавот бўйича илмий изланишларни фаоллаштириш режаси ҳам бор.
Шунингдек, қўлёзмалар йўналиши, манбаларни илмий тадқиқ этиш, айниқса араб тилида ёзилган, Тошкент ва Қоҳирадаги кутубхоналарда мавжуд бўлган қўлёзмаларни ўрганишга эҳтиёжимиз бор. Шу боис, Президент Шавкат Мирзиёевга Мисрга ташрифи чоғида “Ибн Сино инсон тиббиёти тарихидаги биринчи генетик олимми?” номли якунланган тадқиқотимни совға қилмоқчиман.
Бу тадқиқотда инсоният генетика фанини билишидан тахминан 800 йил олдин Ибн Синонинг тарихдаги илк генетик олим бўлганини исботловчи илмий далиллар келтирилган. Шундай экан, бизнинг ўзбек олимларига ҳурматимиз чексиз.
Сўзимни мурожaат билан якунлашга ижозат бергайсиз.
Муҳтарам Шавкат Мирзиёев, Мисрга ташриф буюрганингизда ўзингиз билан Тошкентнинг бир даста гули, олижаноб ўзбек деҳқони пешона тери ифори ва Самарқанд ўғлонининг бармоқ изи тушган бир бўлак нон олиб келишингизни сўрардим. Бизнинг ўлмас Нил дарёмиз азим Амударё сувига ташна.
Жаноб Президент, Мисрга хуш келибсиз!
Эътиборингиз учун раҳмат!
ЎзА мухбири
Беҳруз Худойбердиев суҳбатлашди.