Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун “Рақамли технологиялар йўналишида энг яхши стартап” (President Tech Award) танловини ўтказиш тартиби тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга кўра ёшларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида умумий мукофот жамғармаси 1 миллион АҚШ доллари бўлган Президент соврини учун танлов ўтказилади.

Ушбу танлов:

соҳа ва тармоқлар ривожи учун хизмат қиладиган, ёшлар томонидан илгари сурилган илғор бизнес-ғоялар ва истиқболли стартап лойиҳаларни саралаш тизимини яратиш; 

экспортга йўналтирилган ва жаҳон IT-бозорига мўлжалланган дастурий маҳсулотлар яратилишини қўшимча рағбатлантириш;

иқтидорли ёш дастурчилар тажрибаси ва уларнинг жамоада ишлаш кўникмасини ошириш; 

ёшларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига бўлган қизиқишини янада кучайтиришга замин яратади.

Танлов 2023 йил май ойидан бошлаб 5 та асосий ва 1 та махсус йўналиш бўйича ўтказилади. 

Аризаларни қабул қилиш, иштирокчиларни рўйхатдан ўтказиш, танловни ёритиш ва танлов ўтказилиши билан боғлиқ бошқа тадбирлар махсус портал орқали IT-парк дирекцияси томонидан амалга оширилади.

Ғолиблар Марказий банкнинг тўлов амалга ошириладиган кундаги расмий курси бўйича миллий валюта эквивалентида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади: 

а) танловнинг 5 та асосий йўналишлари бўйича: 

1- ўрин учун – 100 000 АҚШ доллари;

2- ўрин учун – 50 000 АҚШ доллари;

3- ўрин учун – 30 000 AҚШ доллари;

б) танловнинг махсус йўналиши бўйича (битта) – 100 000 АҚШ доллари.

Рақамли технологиялар вазирлиги 2023 йил 1 майга қадар танлов иштирокчиларини рўйхатга олиш ва янгиликларни ёритиб боришга ихтисослаштирилган махсус портал ишга туширилишини таъминлайди.

Танлов ҳар йили ўтказилади.

ЎзА