Олимларнинг кузатувларича тарихда кўплаб шаҳарларнинг вайрон бўлиши, йўқ бўлиб кетиши ўзаро жанглардан кўра кўпроқ табиий офатлар, жумладан, зилзилалар туфайли содир бўлган экан.

Хўш, ўтмишда илк ер силкинишлар қачон содир бўлган? Қадим замонларда одамлар ер қимирлашига қандай чоралар кўришган?

Ўзбекистон Фанлар академияси миллий археология маркази бўлим бошлиғи, тарих фанлари доктори, профессор Абдулҳамид Анорбоев ЎзА мухбирининг шу каби саволларига жавоб берди.

— Юртимизда илк ер силкинишлар қачон содир этилгани ҳақида маълумотлар борми?

— Юртимизда 10 балли кучли  зилзила милоддан олдинги I асрда, яъни бундан 2060-2080 (икки минг олтмиш – икки минг саксон) йил олдин Фарғона водийсида содир этилган. Айниқса, Шимолий Фарғона шаҳарларидан бири Ахсикат (ўша пайтларда Фарғона дейилган) ва ҳозирги Поп ҳудудлари ер билан яксон бўлиб кетган. Ер  баъзи жойларда 6-7, айрим ҳудудларда 10 метргача ёрилган экан.

Ахсикат ёдгорлигининг қуйи қатламларини ўрганган пайтларимиз баъзан меъморий қолдиқлар чиқмаганида, “Нега ҳеч нарса йўқ”, дея ҳайрон бўлгандим. Бунинг сабабини кейинроқ билсам, 9-10 балли зилзиладан кейин ҳеч нарса қолмас, силкиниш ғалвирдек элаб ташлар экан.

— Темурийлар даври тарихда жуда кўп из қолдирган. Шу вақтларда ҳам зилзилалар қайд этилганми?

— Бизга маълум бўлишича, орадан 500 йил ўтгач, иккинчи кучли  ер қимирлаши мелодий эрамиздан аввалги IV аср  охирлари, V аср бошларида содир бўлган. 9 балли силкиниш натижасида жуда кўп шаҳарлар вайронага айланган. Бу зилзила ҳам Фарғона водийсида юз берган. Бунда Шимолий Фарғонадаги шаҳарлар катта зарар кўрган. Хусусан, ҳозирги темир йўл вокзали олдидаги Қирқхужра ёдгорлиги ўрнида жойлашган Поп (қадимда Боб дейилган) шаҳри бутунлай вайронага айланади. Шундан кейин шаҳар ғарб томонга Баландтепа ёдгорлиги ўрнига кўчади.

Кейинги ер қимирлашлар  VII асрда  7 ярим 8 балл атрофида содир этилган. Ундан кейин Қорахонийлар даврида (XI-XII асрлар) 7 балл атрофида  силкиниш, 1384 йилда эса ундан кучлироқ ер қимирлаган. 1620 йил Бобур Мирзонинг отаси Умаршайх Мирзо ўзига пойтахт қилган Ахси (Ахсикат) шаҳри 9 балли зилзила туфайли чинакамига вайрон бўлиб, йўқ бўлиб кетган.

— 1966 йилда пойтахтда содир бўлган зилзила айрим маълумотларда 7, баъзиларида 8 балл деб қайт этилади. Аслида қайси бири тўғри?

—1966 йилдаги зилзила  8 балл  бўлган. Кўп нарса вайрон бўлиб кетган. Собиқ совет иттифоқи даврида ташқаридан ёрдам киритмаслик учун 7 балл деб эълон қилишган.  Марказдаги ерлар ёрилган, халқ жуда катта талофот кўрган. Аммо ўша пайтларда ҳам бақувват қурилган бинолар омон қолган. Мисол учун Фанлар академиясининг биноси 1944 йилда қурилган. Кучли силкиниш вақтида  бинонинг баъзи бир жойларида деворлари озроқ ёрилган, холос. Демак, бино камида 8 балли зилзилага бардош бера оладиган қилиб қурилган экан.

— Қадим замонлардан буён Фарғона водийсида ер силкинишлари кўп бўлишининг сабаблари нимада?

—Чунки Помир ва Танги тоғ (Тянь Шан) тоғлари ҳамда уларнинг атрофи ҳозирда ҳам доимий ўсишда. Шунинг учун ушбу жойлар сейсмик ҳудуд ҳисобланади. Агар узоқ геологик тарихга мурожаат қилсак, бундан миллион йиллар аввал ушбу тоғлар паст бўлган ва секин-аста кўтарилиши, яъни ўсиши натижасида ҳозирги кўринишга эга бўлган. Бундай доимий ҳаракатда бўлган жойларда вақти-вақти билан зилзилалар бўлиб туриши табиий бир хол. Шунинг учун Фарғона водийси ва Тошкент воҳасида қурилаётган бинолар 9 балли зилзилага бардош берадиган қилиб қурилиши шарт.

— Одамлар бундай ер қимирлашларига қарши қандай чоралар қўллаган?

— Халқимизда, “синч уйим, тинч уйим”, деган мақол бор. Айниқса, водийнинг сейсмик зоналарида бундан 3 ярим, 4 минг йил аввалдан бошлаб уйлар синчли қурилган. Бу усул қорахонийлар даврида яхши тарқалган. Самарқанддаги деворий расмлар билан безалган қорахонийлар саройи ҳам қўш синч услубида қурилган. Бундай бино 9 баллга ҳам чидаган. Кучли зилзила пайтида бинонинг деворлари озроқ зарар кўрса ҳам, лекин унинг томи босиб қолмаган.

 

Нигора Раҳмонова суҳбатлашди, ЎзА