Қонун лойиҳасига шарҳ

Кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар марказида аввало инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу ғоя мужассам. Зеро, одамлар рози бўлган жойда қут-барака бўлади, ривожланиш, юксалиш бўлади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига норасмий бандлик улушини қисқартириш ҳамда меҳнат ресурслари балансини замонавий ёндашувлар асосида шакллантиришнинг янги механизмларини жорий этишга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам халқчил ҳужжатлардан бири.

Мазкур ҳужжат билан янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 408-моддасига ўзгартишлар ва қўшимча киритилиб, савдо мажмуалари ва бозорларда фаолият кўрсатувчи ЯТТлардан бошқа ЯТТлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар, яъни уларнинг ходимлари учун тўланадиган ижтимоий солиқ миқдори ҳар ойда тўланадиган БҲМнинг 50 фоизидан бир йилда БҲМнинг бир баробари миқдорига камайтирилмоқда.

Шунингдек, “Томорқа хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддаси 2-қисмидан эса томорқа эгасининг ер участкаси майдонига ёки улар томонидан парвариш қилинаётган қорамол ва паррандаларнинг сонига қўйилган талабларни чиқариб ташлаш таклиф этиляпти.

Айтиш жоизки, бугунги кунда ЯТТларда расмий фаолият олиб бораётган 8 минг 458 нафар ёлланма ходимлар бўлиб, улар сони йил сайин камайиб бориши кузатилмоқда. Хусусан, 2022 йилда 2021 йилга нисбатан 501 нафарга камайган. Улардан, 2 минг 962 нафари савдо мажмуалари ва бозорларда, 5 минг 496 нафари бошқа йўналишда фаолият кўрсатмоқда.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида ижтимоий солиқ тўловида қўлланиладиган енгиллаштирувчи норма ҳисобига 2023 йилда 8,2 миллиард сўм маблағ солиқ тўловчилар ихтиёрида қолиши кутилмоқда.

Шунингдек, ёлланма ходимларга берилган енгиллик эвазига якка тартибдаги тадбиркорларда норасмий тартибда фаолият кўрсатаётган 714 минг ёлланма ишчиларнинг камида 10 фоизининг расмий бандлиги таъминланса, бюджетга қўшимча 21,4 миллиард сўм маблағ тушуши кутиляпти.

Бунда асосий урғу бюджетга солиқ тушуми эмас, норасмий банд бўлган фуқаронинг расмий бандлиги таъминланишига кўмаклашиш, унинг иш стажига эга бўлиши ва пенсия ёшига етганда ўзи учун мақбул пенсиянинг таъминланишига эришишига ёрдам беришга қаратилган. Яъни лойиҳанинг ижтимоий йўналтирилганлиги ҳам муҳим ҳисобланади.

Шахсий томорқаларда бандлик турлари 9 тага оширилиши орқали, бир йилда 1 та маҳаллада 9 та йўналишда 1 нафардан фуқаро ижтимоий солиқ тўлаганда, 9 минг 406 та маҳаллада 84,6 минг фуқаро норасмий фаолият туридан расмий фаолият турига ўтказилади.

Умуман олганда, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши маҳаллаларда ишсизликни камайтириш ва норасмий бандлик улушини қисқартиришга, расмий сектордаги бандлар улушини ошишига хизмат қилади.

 

ЎзА