Ушбу таълим муассасасида очилган “продюсерлик” ва “драматургия” таълим йўналишлари нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда ҳам йўқ эди.

2021 йил  1 октябрда Тошкент шаҳридаги «С.А.Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти» федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиали очилган эди.

  • Бу филиалнинг Ўзбекистонда фаолият юритишига қандай эҳтиёж бор эди?
  •  Ўзбек кино саноатига қандай таъсир ўтказа олади?
  •  Мазкур даргоҳда таълим бериш жараёнлари қандай шаклада йўлга қўйилган, кимлар ўқиши мумкин?

Шу ва яна соҳага оид бошқа саволлар билан ЎзА мухбири Тошкент шаҳридаги «С.А.Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти» филиали директори Элдор ЙЎЛДОШЕВ билан суҳбат уюштирди.

— Мазкур таълим даргоҳи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 августдаги «Тошкент шаҳрида «С.А.Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти» федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ва Россия Федерацияси Маданият вазирлигининг 2021 йил 14 сентябрдаги 1511-сон буйруғи асосида пойтахтимизда мазкур институтнинг филиали ташкил этилди, – деди Э.Йўлдошев. – Бу йил филиалнинг иккинчи ўқув йили. Бир йил ичида 5 та йўналиш очилган. Мазкур таълим даргоҳида 2021–2022 ўқув йилидан бошлаб “продюсерлик” ҳамда “драматургия” таълим йўналишларига талабалар қабул қилинган. Уларга мутахассислик фанларидан пойтахтимизда таваллуд топган ва ҳозирда БДКИда фаолият олиб бораётган Ўзбекистон хaлқ aртисти, Россия Федерaциясидa хизмaт кўрсaтгaн сaнъaт aрбоби Элёр Ишмуҳамедов, БДКИ вa Дaнелия номидaги ВКСР профессори, Россия Федерaциясидa хизмaт кўрсaтгaн сaнъaт aрбоби Оделша Aгишев сингари соҳанинг етук мутахассислари дарс бермоқда.

Шунингдек, мутахассислик ва умумкасбий фанлардан дарс машғулотларига республикамизда самарали фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчилар ҳам жалб этилган. Филиал анъанавий ва масофавий дарс машғулотларини ташкил этиш ва ўтказиш учун етарли моддий-техник база билан таъминланган. Россия Федерациясидан келиб дарс машғулотлари олиб бораётган профессор-ўқитувчилар учун ҳам етарли шарт-шароитлар мавжуд.

– Ўзингиз таъкидлаганингиздек, филиалда очилган йўналишлар нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда ҳам бўлмаган. Шу маънода, муассаса ўзбек кино саноати учун иқтидорли кадрлар тайёрлаш имкониятини ярата оладими?

– Шубҳасиз, ҳа! Айнан шундай яхши имконият бизда пайдо бўлгани соҳа вакилларини чексиз қувонтирди. Филиал очилгунга қадар “продюсерлик” ва “драматургия” таълим йўналишлари нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда ҳам йўқ эди. Жорий йилнинг сентябрь ойида  киношунослик, кинотанқидчилиги ва экран санъати овоз режиссёрлиги йўналишлари очилади. Бу ҳам миллий кинематографиямиз учун янги йўналишлар ҳисобланади. Чунки биронта маҳаллий олийгоҳларимизда  мазкур йўналишлар очилмаган.

Мақсад эса  ўзбек миллий киносанъатини  янги босқичга кўтариш ва дунё билан ҳамнафас бўлишдир. Чунки бугунги кунда жаҳонда кинематография  медиа саноати креатив иқтисодиётнинг ажралмас бир қисми ҳисобланади.  Кино орқали  янги иш ўринларни, бозор талаблари асосида янги йўналишларни ташкил этишимиз лозим.

– Биламизки, филиалда дарс жараёнлари  рус тилида олиб борилади. Келгусида ўзбек тилида олиб бориладиган гуруҳлар фаолиятини йўлга қўйиш ҳам режалаштирилганми?

– Бугунги кунда филиалда 200 нафарга яқин талаба  бакалавр ва олий курсларда таълим олмоқда. Уларга таълим рус тилида олиб борилади.  Айни пайтда Ўзбекистонда  Россиянинг 15 та хорижий филиали фаолият кўрсатаётган бўлса, уларда ҳам таълим  рус тилида  ташкил этилган.

Бироқ биз кейинги ўқув йилидан эксперимент тарзда  битта йўналиш бўйича ўзбек гуруҳини алоҳида очмоқчимиз. Бунинг сабаби эса талабгорларнинг қизиқиши катталиги билан боғлиқ. Кириш имтиҳонларидан бири бу – иншо. Оддий ҳолки,  кўпчилик бу имтиҳондан ўтмаяпти. Шу сабабли, биз Москвадаги ректорат ва Кинематография агентлиги  билан музокараларни олиб бориб, амалий натижага эришдик.

Шуни қувонч билан айтаманки, 2023–2024 ўқув йилида филиалимизда ўзбек гуруҳи очилади.

– Талабаларни қабул қилиш бўйича Марказий Осиё давлатлари билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилганми?

– Бугунги кунда филиалимизда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Жанубий Корея, АҚШ, Россия давлатларидан талабалар таълим олмоқда.  Бундан ташқари, филиалимиз  халқаро майдон ҳисобланади. Негаки, 2021–2022 ўқув йилида франциялик кинорежиссёр Люк Бессон, англиялик инвестор Мартин Смит, польшалик кинорежиссёр Кшиштоф Занусси, германиялик актёр Маттиас Хьюз, ҳинд кинорежиссёр Фарук Кабир, япониялик актриса Минами, кореялик продюсер, IOVAsia директори Мун Хён Сук, англиялик профессор, Ижодий ва маданий тадбиркорлик институти директори Джеральд Лидстоун, Тожикистон халқ артисти Муҳаммад-Али Маҳмадов каби етук соҳа вакиллари иштирокида 70 га яқин турли мавзуларда маърузалар ва маҳорат-дарслари, ижодий учрашувлар ташкил қилинди.

Талабалар қайсидир йўналиш бўйича тўрт йил ёки қайсидир йўналиш бўйича беш йил таҳсил олади. Бакалавр босқичини тугатган талабалар учун магистратурада ўқишни давом эттириш мумкин. Беш йилликни тугатган талабалар эса магистратурада ўқиши шарт эмас. Бундан ташқари, икки йиллик  олий курсларимиз бор.

– Айтингчи, талабалар таълимни БДКИнинг ўзида давом эттириши мумкинми? 

– Шу ўринда айтиш керакки, The Hollywood Reporter  ва Variety маълумотларига кўра, ушбу олий муассаса дунёдаги энг яхши кино мактабларининг ТОП-15 талигига киради. БДКИдан бериладиган диплом дунё бўйича энг яхши дипломлардан бири ҳисобланади.

Талабалар учун  қўшимча амалий ўқув курслари,  сафарлар жуда кўп. Жорий ўқув йилида, яъни ноябрь ва май ойларида талабаларимиз “Мосфильм” киноконцерни, Максим Горький номидаги болалар ва ёшлар марказий киностудияси, БДКИда ва театрларида бўлиб, амалий машғулотларда қатнашади.

Бу йилдан бошлаб биринчи босқич талабалари  Туркияга режиссёрлик йўналиши бўйича бориб келди. Шахсан Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Эрсой томонидан фаол талабаларимизга мукофотлар берилди.

Келгуси ўқув йилидан бошлаб БДКИнинг Тошкентдаги филиалида Netflix ширкати шафелигида фаолият юритувчи халқаро сценарийнавислар ва соҳа мутахассисларини бирлаштирадиган Netflix Series Script 14 ҳафталик ўқув бошланади.

2022 йилда филиалда таҳсил олаётган бир қанча иқтидорли талабалар халқаро фестивалларда қатнашиб, совринли ўринларни қўлга киритишди.

Шунингдек, “Ипак йўли дурдонаси” XIV Тошкент халқаро кинофестивалининг  “Кино беш кун” лойиҳасида 18 давлат иштирокчилари ўртасида БДКИ талабаси Темур Муродов Гран-при совринини қўлга киритиб,  15 минг доллар мукофот билан тақдирланди.

– Яқинда сиз хизмат сафари билан Қозоғистонда бўлдингиз. Сафардан кутилган натижалар қандай бўлди? Маҳаллий олийгоҳлар ўртасидаги ҳамкорликлар қандай йўлга қўйиляпти?

– Сафар чоғида имзоланган шартнома филиалнинг биринчи ҳамкорлиги эмас.  Бир нечта ҳужжатлар имзоланган. Биринчиси Истамбул фильм академияси билан бўлган. Туркиялик ҳамкорларимиз  билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бунинг натижасида болаларимизни ноябрь ойида Туркияга жўнатдик.

Туран университети эса Қозоғистондаги йирик олийгоҳлардан бири.  Ушбу университет ҳузурида кинематография олий мактаби мавжуд ва режаларимиз бўйича ушбу мактаб билан бир нечта лойиҳалари бор. Бу ҳужжатли ва қисқа метражли фильмлар, илмий ва ўқув режалар борасида  форум ва илмий-амалий  конференциялар ўтказилади.

Жорий ўқув йилида Нью-Йорк кино академияси  билан меморандум  имзолаш режалаштирилган. Мазкур академия биргаликда 2021 йилда ижодий давра суҳбатини ўтказдик, ҳамкорлик шундан бошланди. Кейинги йилда эса 1 нафар талабамизни Нью-Йорк кино академиясига ўқув амалиётига юборамиз.

Мамлакатимиздаги Ўзбекистон давлат консерваторияси ва унинг  ҳузурида Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти билан мустаҳкам алоқаларимиз ҳам амалий натижаларга бой бўлаётир.

– Кино санъати ривожида инвестиция лойиҳаларининг ўрни қандай?

– Бугунги кунда  инвестициялар бўйича бир нечта ютуқларимиз бор. Кинематография агентлиги жалб қилган маблағга энг замонавий  кинокамера олинди. Энди бундай камера Марказий  Осиё бўйича фақат филиалда мавжуддир.

Рақамларга тўхталадиган бўлсак, 2021 йилда 8 та хусусий  кинотеатр қурилди. Ушбу мақсад учун 10 миллион доллар миқдорида хусусий инвестициялар жалб қилинди.  Бу 2020 йилга нисбатан 7 баробарга ўсиш демакдир.

Шунингдек, давлат томонидан жуда кўп имтиёзлар берилди. Яъни, соҳа ривожи учун ускуналарни хориждан олиб киришда имтиёз берилган. Бу божхона ва транспорт билан боғлиқ.

Бундан ташқари, 65 та бадиий ва 85 та  мультификацион фильм  Ўзбекистонга қайтарилди.  Улар орасида “Алишер Навоий”, “Тоҳир ва Зуҳро”, “Тошкент – нон шаҳри”, “Маҳаллада дув-дув гап” каби ўзбек киносининг дурдоналари бор.  Мана шуларга ҳам хусусий инвестициялар орқали эришилди.

Ўтган йили Кинематография агентлиги 10 та фильм ва 15 та қисқа метражли фильмни яратишга қўшимча маблағ ажратди. 2023 йилда  агентлик томонидан  5 миллиард сўм маблағ ажратилмоқда. Бу маблағ эвазига 2 та бадиий,  10 та ҳужжатли  ва  15 та қисқа метражли фильм яратилади.  Менимча, талабалар учун яратилаётган бундай имкониятлар уларнинг ижодкорлигини оширишга ва яхши асарлар яратишга хизмат қилади.

ЎзА мухбири

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА

 суҳбатлашди,  Дониёр ЁҚУБОВ видеоси.