Мамлакат стол тенниси федерациясининг навбатдан ташқари йиғилишида Афина олимпиадаси иштирокчиси Манзура Иноятова, Рио Олимпиадаси қатнашчиси Зоҳид Кенжаев каби маҳоратли кичик ракетка усталарини камолга етказган тажрибали мураббий Георгий Цой стол тенниси бўйича миллий терма жамоа бош мураббийи вазифасига тайинланди. Бу ҳақда федерация матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда кун тартибидан ўрин олган бир қатор масалалар муҳокама қилинди. Ёзги Осиё ўйинлари, «Париж-2024» Олимпиадасига тайёргарлик, жорий йилда ўтказиладиган халқаро мусобақаларда режа асосида иштирок этиш борасида фикрлар билдирилди. Иштирокчиларга Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар кенгаши ҳамда ҳакамлар ҳайъати аъзолари таништирилди.
Федерация раиси ўринбосарлари, ҳудудий бўлим мутасаддилари, ижрочи директорлар, мураббий ва мутахассислар қатнашган йиғилишда А.Ҳакимов, А.Полегаев, Г.Шарафова, А.Шириев, А.Каримов мураббийлар кенгаши аъзолари сифатида таништирилди.
Шунингдек, муҳокамалар давомида Р.Оразметов ҳакамлар ҳайъати раиси, М.Ҳамидов, Б.Уразов, О.Бабажанов, М.Саитқулов, Ф.Мажитов, М.Аитова ҳайъат аъзолигидан жой олди.
Т.Рўзиев,
ЎзА