“Iteca еxhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси 2023 йилги кўргазмалар мавсумини очишини маълум қилди.

Ташкил этилган тадбирда компания бош директори Нигора Ҳасанова иштирокчиларга бу ҳақда атрофлича маълумот берар экан, жорий йилги мавсумда талаб ва эҳтиёжга асосий эътибор берилгани, мамлакатимиз иқтисодиётидаги аҳамияти ва кутилаётган натижаларга ҳам тўхталиб ўтди.

– Компания фаолиятида бу 28-мавсум ҳисобланади, – деди Н.Ҳасанова. –Баҳор фасли анъанавий “Қурилиш – UzBuild” халқаро кўргазмаси билан бошланади. Мамлакатнинг энг йирик кўргазмаси 28 февралдан 3 мартга қадар “Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуида бўлиб ўтади. Бугунги кунга қадар Австрия, Беларусь Республикаси, Германия, Дания, Ҳиндистон, Испания, Италия, Қозоғистон, Хитой, Корея Республикаси каби 18 мамлакатдан 300 дан ортиқ компания кўргазмадаги иштирокини тасдиқлади.

Кўргазма доирасида “Қурилиш техникаси ва технологиялари – BuildTech-2023” ихтисослашган бўлими намойиш этилади. Кўргазманинг ишчи дастури доирасида 4-Қурилиш саноати халқаро анжумани ҳам ўтказилади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, йил давомида компания 18 та халқаро кўргазма ўтказишни режалаштирган. Айни кунларда ҳамкорлар билан маҳаллий ва халқаро корхоналар иштироки бўйича ташкилий ишларни олиб бормоқда. Бу йил кўргазмалар “Ўзэкспомарказ”нинг барча павильонларини қамраб олади. Ишончимиз комилки, 2023 йилги кўргазмалар ва форумлар соҳа мутахассисларига конструктив мулоқот, янги шартномалар, келишувлар ва алоқаларни ўрнатиш учун янада кўпроқ имкониятлар яратади.

Шунингдек, тадбирда йил давомида ташкил этиладиган соҳаларга доир кўргазмалар ва улардаги иштирокчилар ҳақида ҳам сўз юритилди. Жумладан, “Аграр саноати – AgroWorld Uzbekistan 2023”, “Озиқ-овқат, ингредиентлар ва ишлаб чиқариш технологиялари – UzFood-2023” халқаро кўргазмаларда сўнгги янгиликларга асосий урғу берилса, “Қадоқлаш, ускуналар ва материаллар – O’zuPACK 2023”  халқаро  кўргазмаси турли соҳалар учун ишлаб чиқариш жараёнларини тақдим этиши кутилмоқда.

–Жорий йилнинг май ойида нефть ва энергетика соҳалари билан боғлиқ кўргазмалар ташкил этилади. Бунда “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU” халқаро кўргазмаси ва анжумани ўтказилади. “Энергетика, энергия тежаш, атом энергияси, муқобил энергия манбалари – Power Uzbekistan” халқаро кўргазмасида “яшил” энергия тежамкор технологиялари намойиши бугунги кундаги долзарб масалалар ечимида муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, Ўзбекистон энергетика форуми анъанавий ва қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасидаги асосий компания вакилларини бирлаштириб, жаҳон энергетика ҳамжамиятига Ўзбекистон энергетика тармоғи ва Марказий Осиё минтақасини ривожлантиришнинг долзарб режаларини муҳокама қилишга кенг йўл очиб беради, – деди “Iteca еxhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси бош директори ўринбосари Ойимхон Бобожонова.

Қизғин фикр-мулоҳазалар асосида ўтгазилган тадбирда 2023 йилги кўргазмалар мавсуми ва иштирокчиларга доир видеолавҳа ҳам тақдим этилди.

 

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА,  

ЎзА мухбири