Ўзбек халқининг буюк мутафаккири, ғазал мулкининг султони Мир Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланмоқда. Гуманист шоир ижодига бағишланган ана шундай тадбирлардан бири “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйида ҳам ўтказилди.

Тадбирда адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Мақсуд Асадов туркий адабиёт ифтихори бўлган Алишер Навоий ижодининг ўзига хос хусусиятлари, хусусан, инсон ва унинг ўзи яшаб турган макондаги ўрни, одам ва олам, яхшилик, аҳиллик сингари ўлмас ғояларини тараннум этишдаги маҳорати ва истеъдоди хусусида сўзлаб берди.

Алишер Навоийнинг луғат бойлиги 26 мингдан ортиқ сўзни ташкил этади. Қиёслаш учун «рус поэзиясининг қуёши» саналган А.С.Пушкин ижодини 21 минг сўз ташкил қилар экан. Улкан сўз бойлигига эга бўлган буюк мутафаккирнинг шеър ва ғазаллари, поэмалари мана, олти асрга яқин вақт мобайнида халқимиз томонидан тараннум этиб келинмоқда. Навоий асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил декабрдаги тегишли баённомасига асосан мамлакатимизда истиқомат қилаётган кўзи ожизлар учун турли мавзу ва жанрдаги адабий-бадиий, маънавий-маърифий, тарихий асарларни ҳам брайл ёзувида нашрга тайёрлаш ва чоп этиш «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйига юклатилган.

Буюк бобокалонимизнинг 582 йиллигини нишонлаш арафасида брайл алифбосида илк бор «Навоий ғазаллари» китоби мазкур корхонада чоп этилди. Бу, ўз навбатида, Алишер Навоий ижоди мухлисларининг сонини кўпайишига, Навоий бобомизнинг асарларини бевосита ўқиб, олам-олам завқ-шавқ олишга имкон яратди. Бу йўналишдаги ишлар, яъни, турли даврларда ижод қилган ва халқимиз меҳр-муҳаббатига сазовор бўлган шоир ва адибларнинг энг сара асарларини брайл ёзувида ўқийдиган ўқувчилар оммасига муносиб совға бўлишига шубҳа йўқ.

 

ЎзА