Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманидаги 22 та овул ва маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчилари ишидан аҳоли жуда мамнун. Уларнинг саъй-ҳаракати билан маҳаллалардаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат барқарорлашмоқда. Аҳолининг бандлик даражаси ошиб, оилаларнинг даромад манбалари, томорқа ерлардан фойдаланиш ҳолати юксалмоқда.
Маҳалла ва овуллардаги барча хонадон бирма-бир хатловдан ўтказилиб, ижтимоий-иқтисодий аҳволига қараб 4 та тоифага ажратилди. Аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан “Маҳаллабай” ишлаш тизими асосида амалга ошириладиган ишларнинг “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.
Аҳоли бандлиги таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳоким ёрдамчилари кўмаги билан 4 минг 957 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Шунингдек, тумандаги 1 минг 942 та оилага тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш учун 44,6 миллиард сўм имтиёзли кредит, 318 нафар фуқарони тадбиркорликка жалб қилиш, уларга меҳнат қуроллари ва асбоб-ускуналар олиб бериш мақсадида 2,3 миллиард сўм субсидия ажратилди.
Фуқаролар йиғинларидаги 11 нафар лидер тадбиркорга кооперация асосида 205 нафар фуқаро аъзо қилиниб, тикувчилик ва ҳунармандчилик йўналишида иш билан банд қилинди. Бундан ташқари, жойларда Инвестиция дастурига киритилмаган, ҳоким ёрдамчисининг назоратида бўлган саноат, хизмат кўрсатиш йўналишидаги 64 та кичик лойиҳа ишга туширилиши натижасида 339 та янги иш ўрни яратилди. “Йўл харитаси” асосида ҳоким ёрдамчилари томонидан 674 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилди.
Қишлоқ жойларида аҳолининг, айниқса “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ҳамда “Аёллар дафтари” га киритилган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида 604 лотга жойлаштирилган 388,7 гектар ер майдони электрон танловга қўйилиб, 522 нафар фуқаро 306,8 гектар ер майдони танлови ғолиби бўлди. Аҳоли ўртасида чорвачиликни ривожлантириш мақсадида 124 та хонадонда 613 бош қўй-эчки, 13 та хонадонда 74 бош парранда, 2 та хонадонда 15 бош қуён парвариш қилиш йўлга қўйилди. Ҳоким ёрдамчилари томонидан хатлов натижалари, аҳоли бандлигини таъминлаш, кредит ажратиш ва тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш бўйича олиб борилаётган амалий ишлар назоратга олинган.
Жумладан, “Темир йўл гузари” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчиси Азизбек Тажетдинов томонидан “Маҳаллабай” ишлаш тизими асосида 1156 та хонадон бирма-бир хатловдан ўтказилиб, ижтимоий-иқтисодий аҳволига қараб 4 та тоифага ажратилди. Натижада, 274 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Шунингдек, 87 та оилавий тадбиркорлик лойиҳасини амалга ошириш учун 2,1 миллиард сўм кредит ҳамда 14 нафар фуқарони тадбиркорликка жалб қилиш, уларга меҳнат қуроллари ва асбоб-ускуналар олиб бериш учун 102,5 миллион сўм субсидия ажратилди.
Ҳудудда 41 та тадбиркорлик субъекти янгидан ташкил этилди. Бундан ташқари, маҳалла Инвестиция дастурига киритилмаган, ҳоким ёрдамчисининг назоратида бўлган саноат, хизмат кўрсатиш йўналишидаги 5 та кичик лойиҳа ишга туширилиши натижасида 33 та янги иш ўрни яратилди.
– Давлатимиз раҳбари томонидан берилаётган имтиёзлардан самарали фойдаланган ҳолда жорий йилда савдо ва сервис йўналишида 146 та, ҳунармандчилик соҳасида 8 та, тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобидан 97 та, жами 251 та янги иш ўрни яратилади, – дейди ҳоким ёрдамчиси Азизбек Тажетдинов. – Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида 2,6 миллиард сўм маблағ ажратилиши ҳисобидан 105 нафар фуқаронинг, 12 та йўналиш бўйича 110 миллион сўмлик субсидия ажратилишини таъминлаш, маҳалла ҳудудидаги “лидер” тадбиркорлар билан кооперация лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобидан 20 нафар кам даромадли ва ишсиз фуқаронинг бандлигини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, маҳалладаги бўш объектлардан, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ва аҳоли томорқа ер майдонларидан унумли фойдаланиш, тадбиркорликни янада ривожлантириш орқали юзлаб янги иш ўринлари яратиш режалаштирган.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА