Бугунги кунда хорижий тилларни ўрганиш ва чуқур билишнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Шу боис юртимизда хорижий тилларни ўргатишни таълим сиёсатининг устувор йўналиши сифатида ривожлантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хорижий тилларни ўқитишни жаҳон андозалари даражасида ташкил этиш, аҳоли, хусусан, ёшларда хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқишни оширишда нодавлат таълим муассасаларининг ҳам ўрни алоҳида. Бу турдаги муассасасалар фаолиятини юритувчи тадбиркорлар эса давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани Олмазор маҳалласида янги ташкил этилган “Brighton School” ўқув маркази инглиз ва рус тилларини ўргатишга ихтисослашган. Марказнинг 10 нафардан зиёд малакали педагог-мутахассис ва фан ўқитувчилари тингловчиларга янгича педагогик усуллар асосида сабоқ беради. Ўқувчилар IELTS ва SEFR халқаро ҳамда миллий сертификатларга ўқитилади.
Шунингдек, абитуриентларни олий ўқув юртларига тайёрлаш курслари фаолият юритмоқда. Мактаб ёшидаги болалар учун эса “Brighton Kids” ўқув машғулотлари ташкил этилган. Бундан ташқари, марказда математика фани ва ментал арифметикадан ҳам доимий машғулотлар олиб борилади.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎЗА