Жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган 2023 йилги давлат дастурига оид Президент фармони лойиҳасида қайд этилишича, “Ташаббусли бюджет” амалиётини ҳамда маҳаллаларнинг молиявий мустақиллигини кенгайтириш мақсадида жорий йилда жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган лойиҳаларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 8 триллион сўм ажратилади.

Шундан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари учун 4 триллион сўм йўналтирилади. 2023 йилда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар доирасида амалга ошириладиган тадбирларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 4 триллион сўм ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Натижада мазкур тадбирларга ажратилаётган маблағлар миқдори қарийб  2 баравар кўпайтирилишига эришилади. Масалан, 2022 йилда ушбу тадбирлар  учун 4,3 триллион сўм маблағ ажратилган.

2023 йил 1 июлдан бошлаб, “Маҳалла бюджети” тизимини барча туманлар ва шаҳарларда жорий этиш орқали маҳаллаларга ўз муаммосини мустақил ҳал этиш  ҳамда ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш учун 800 миллиард сўмгача маблағ йўналтирилиши кўзда тутилмоқда.

Жорий йилдан эксперимент тариқасида 14 та туманларда, 1 июлдан эса барча туман (шаҳар)ларда “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги уч ой муддатда лойиҳаларни жамоатчилик фикри ва “Очиқ бюджет” порталида тўпланган овозлар асосида молиялаштиришнинг мутлақо янги тизимини яратади ва амалиётга киритади. Бунда, овоз бериш жараёнларини холис ва маъмурий аралашувларсиз ташкиллаштиришнинг аниқ механизмларини жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилади.

 

Шаҳноза Маматуропова,  

ЎзА