Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Мазкур лойиҳа бўйича қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Шуҳрат Мирзаев маъруза қилди:

— Бугунги кунда фермер хўжаликлари фаолиятига оид асосий қонун ҳужжати “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳисобланади, — деди вазир ўринбосари Шуҳрат Мирзаев. — Ушбу қонун бугунги аграр соҳадаги ислоҳотларга мос равишда такомиллаштириб борилиши лозим. Қонуннинг 6-моддаси 2-қисмида фермер хўжалиги ташкил этилиши учун унинг бошлиғи белгиланган тартибда ер участкаси олиши кераклиги белгиланган. Аммо фермер хўжалиги ташкил этилиши учун ер участкасини олиш учун белгиланган ҳужжатда аниқ ҳавола келтирилмаган. Бу эса асоссиз ҳаволалар келтирилиши билан боғлиқ коррупциявий ҳолатларни юзага келтирмоқда.

Президентимизнинг тегишли қарорларига асосан 2020 йил ҳосилидан бошлаб пахта ва ғалла етиштиришда давлат буюртмаси бекор қилинган. Ушбу ўзгаришлар ҳам қонунчиликда акс эттирилмоқда.

Шунингдек, қонун лойиҳасида фермер хўжаликлари сув ресурсларидан туман ирригация бўлимлари ўртасида сув етказиб бериш ва сув хўжалиги хизматларини кўрсатиш бўйича шартномага мувофиқ фойдаланиши, сувни тежаш, сув ресурсларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш чора-тадбирларини кўриши масалалари ҳам ўз аксини топган. Ўз навбатида, туман ирригация бўлимлари билан сув етказиб бериш ва сув хўжалиги хизматларини кўрсатиш бўйича тузилган шартнома талабларига мувофиқ суғориш тармоқларини техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлаши, улардан фойдаланишнинг белгиланган қоидаларига риоя этилиши аниқ белгилаб қўйилмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан фермер хўжаликларига юклатилган мажбуриятлар камайтирилади ва оптималлаштирилади. Фермер хўжаликлари фаолиятига давлат аралашуви кескин қисқартирилади. Уларнинг мустақиллиги таъминланади ҳамда ўзларининг ишлаб чиқариш фаолиятидан иқтисодий манфаатдорлиги ошади.

Муҳокамаларда сўз олган депутатлар бир қатор аниқлаштирувчи саволлар ҳамда аграр соҳадаги жараёнлардан келиб чиқиб таклиф ва тавсиялар билдирди. Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА