Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Судларда ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар билан боғлиқ ишларни кўриш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

— Бугунги кунда судлар томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар билан боғлиқ низоларни ҳал этишдаги муаммоларни ўрганиш натижаларига кўра, мазкур тоифадаги ишларда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга мулк ҳуқуқини белгилаш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни узоқ муддатли ижарага бериш мажбуриятини юклаш ҳақида қарорлар қабул қилинаётгани аниқланмоқда, — деди Олий суд раиси ўринбосари Шуҳрат Полвонов. — Ўз навбатида, бундай қарорлар асосида ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонида қурилган биноларга ноқонуний эгалик ҳуқуқи белгиланаётгани ёки эгалик ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича кадастр ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органларига мажбурият юкламоқда.

Ушбу тоифадаги ишларни кўриш тартибини такомиллаштириш мақсадида судлар томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар юзасидан давлат манфаатлари билан боғлиқ ишларнинг муҳокамасида прокурорнинг мажбурий равишда иштирок этишини белгилаш зарурияти вужудга келмоқда.

Қонун лойиҳаси билан юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш, бу соҳада қонунийликни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг бир қатор кодекларига судлар томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар юзасидан давлат манфаатлари билан боғлиқ ишларда прокурорнинг мажбурий иштирок этишини белгиловчи ўзгартиришларни киритиш таклиф этилмоқда. Бу ўзгартиш ва қўшимчалар юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқлари ҳимоя қилинишининг таъминланишига, судларда ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар билан боғлиқ ишларни кўриш тартиби такомиллаштирилишига эришилади.

Мажлисда депутатлар томонидан қатор саволлар ўртага ташланди. Улар юзасидан ташаббускорлар атрофлича жавоб қайтарди. Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА