Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан тантанали концерт дастури ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва ҳукумати аъзолари, вазирликлар, идоралар, жамоат ташкилотлари ҳамда туркман диаспораси вакиллари, шунингдек, хорижий давлатларнинг Тошкент шаҳрида аккредитациядан ўтган дипломатик муассасалари ва халқаро тузилмаларнинг ваколатхоналари вакиллари иштирок этди.

Байрамона тадбирнинг очилишида мамлакатимизнинг яқин стратегик ҳамкорларидан бири – Туркманистон билан амалга оширилаётган ва тобора янги босқичга кўтарилаётган ўзаро дўстлик алоқалари ҳақида сўз юритилди. Икки дўст давлатлар ўртасидаги ижтимоий, иқтисодий, маданий-маърифий соҳалардаги алоқаларни янги босқичга кўтариш, ҳамкорликнинг янги йўналишлари ва истиқболларини белгилаган ҳолда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш борасида тарихий ишлар амалга оширилди.

Шу ўринда айтиш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда истиқомат қилаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари орасида 202 мингдан зиёд туркман миллати вакиллари юртимиз тараққиёти йўлида меҳнат қилмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда туркманларнинг миллий маданияти, тили, анъаналари ва урф-одатларини асраш ҳамда ривожлантириш мақсадида Республика туркман маданий маркази фаолияти учун барча имкониятлар ва шарт-шароитлар яратилган.

Туркманистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Язгули Маммедов ўзбек ва туркман халқлари азал-азалдан яқин дўст, аҳил қўшни, стратегик ҳамкор сифатида муштарак мақсадлар билан яшаб келганини эътироф этди. Шу сабабли, икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг илдизи узоқ тарихга бориб тақалади ва ўзаро ҳурмат, ишонч асосига қурилган.

Концерт дастурида ўзбек ва туркман қўшиқлари, икки халқнинг буюк шоир ва мутафаккирлари шеърлари, миллий рақслар янгради.

Ўзбекистон – Туркманистон дўстлигига бағишланган китоблар, халқ амалий санъати намуналари кўргазмаси тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Шу ўринда айтиш керак, мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган бу каби тантанали тадбирлар икки давлат халқларини бирлаштириб келаётган кўп асрлик яхши қўшничилик ришталари дахлсизлигининг яна бир далили бўлди.

 

Гўзал Сатторова,

Носир Ҳайдаров (сурат),ЎзА