Жамият ҳаётининг турли соҳаларидаги муносабатларни тартибга солиш, уларни ривожлантириш бевосита қонунчиликнинг мукаммаллигига боғлиқ. Мамлакатда кечаётган бугунги жараёнлар қабул қилинган қонунларни қайта кўриб чиқишни, жоиз бўлса амалдаги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни, янги нормаларни акс эттиришни тақозо этмоқда.

Шу маънода Олий Мажлис Сенатининг қўмиталари томонидан кўплаб қонунларнинг ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилди ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан мониторинг амалга оширилди.

Таъкидлаш лозимки, Меҳнат кодекси меҳнат муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солувчи асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланиб, фуқароларга меҳнат қилиш ва муносиб даромад олиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратишни назарда тутувчи ҳужжат ҳисобланади.

Бироқ амалга оширилган мониторинглар 1995 йилда қабул қилинган Меҳнат кодексининг таҳрири замонавий воқеликка мос келмаслиги, яъни унда мавжуд бўлган кўплаб нормалар яна амалдаги бошқа қонунларда ҳам ўз аксини топганлиги оқибатида амалиётда айрим номувофиқлик юзага келаётганлиги, фуқароларни меҳнат фаолиятига жалб қилишнинг янги шаклларини қамраб олмаганлиги, аёлларга, шу жумладан, ҳомиладор аёлларга ёки уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга нисбатан имтиёзларнинг етарли эмаслиги, уларга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилган тақдирда, мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарлик чораларининг кучайтирилмаганлигини кўрсатди.

Юқорида келтирилган ва бошқа қатор масалаларни қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш мақсадида тайёрланган таклифлар асосида ишлаб чиқилган 581 та моддадан иборат бўлган янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 2022 йил 28 октябрда қабул қилинди.

Янги таҳрирдаги кодекс амалдагисидан қай жиҳатлари билан фарқланади?    

Энг аввало меҳнатга оид муносабатларни тартибга солиш жараёнида номувофиқликларнинг олдини олиш мақсадида бошқа амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган нормаларни такрорловчи 34 та модда янги таҳрирдаги Кодексдан чиқариб ташланди.

50 дан ортиқ модда меҳнат муносабатларининг айрим жиҳатларини, уларнинг субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга ошириш механизмларини янада тўлиқ очиб берувчи аниқлаштирувчи нормалар билан тўлдирилди.

Энг муҳими ходимлар ва иш берувчиларнинг меҳнат муносабатларидаги субъектив ҳолатлар янада аниқлаштирилиб, асосий эътибор ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий химоясига йўналтирилди. Меҳнат кодексида илгари назарда тутилмаган – иш берувчи ва ходимнинг асосий ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланди.

Шунингдек, меҳнат муносабатларининг вужудга келиши учун асослар кенгайтирилди. Яъни, ишга қабул қилиш бўйича очиқ мустақил танловдан ўтказиш, лавозимга сайланиш, ходимни ваколатли давлат органи томонидан ишга юбориш, чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни ишга қабул қилишда Ўзбекистон Республикасида меҳнат фаолиятини амалга оширишга оид ишлаш ҳуқуқини тасдиқлаш масалалари янада соддалаштирилди.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексига электрон меҳнат дафтарчасини юритиш бўйича қоидалар киритилиши натижасида иш берувчи ва ходим ўртасидаги меҳнат муносабатларини рўйхатдан ўтказиш, ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатишни тўлиқ рақамлаштириш имконияти яратилди.

Шу билан бирга, аёлларга, шу жумладан, ҳомиладор аёлларга ёхуд уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга нисбатан қўшимча имтиёзлар назарда тутилди.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси жорий йилнинг 30 апрелдан кучга киради. Қонун кучга кириши билан унинг аввалги талқини ўз кучини йўқотади.

ЎзА