Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишлари бўлиб ўтди. Уларда бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама этилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган стратегиясига мувофиқ, 2020 йилдан бошлаб давлат буюртмаси асосида пахта ва бошоқли дон етиштириш амалиёти бекор қилиниши натижасида қишлоқ хўжалигида эркин рақобат таъминланди, меҳнат унумдорлиги ошди ва манфаатдорликни таъминлашга қаратилган қулай агробизнес муҳити яратилди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан фермер хўжаликлари томонидан давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини белгиланган ҳажмларда етказиб берилишини таъминлаш мажбурияти чиқариб ташланмоқда. Шунингдек, фермер хўжаликларига сув етказиб бериш, сув ресурсларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш, сувни тежашга доир талаблар белгиланмоқда.

Фракция аъзоларининг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида фермер хўжаликларга юклатилган мажбуриятлар камайтирилади, улар фаолиятига давлат аралашуви қисқаради.

Муҳокамаларда қатор таклиф-мулоҳазалар билдирилиб, қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланди.

М.Комилова, ЎзА