Ўзбекистонлик велоспортчи Анна Куликовадан олинган допинг-синамасида тақиқланган модда борлиги аниқланди.

Бу ҳақда хабар тарқатган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги маълумотига кўра, ўтган йил 25 октябрь куни спортчи А.Куликовадан мусобақадан ташқари ҳолатда допинг синама олинган.

Таҳлил натижаларига кўра, велоспортчидан олинган намунадан Бутунжаҳон антидопинг агентлиги томонидан тақиқланган рўйхатга киритилган «Метастерон» моддаси аниқланган.

Бу эса Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги ҳузуридаги Ахлоқ бўйича комиссия қарорига кўра, велоспортчи Анна Куликовага нисбатан 2 йил муддатга спорт мусобақаларида иштирок этишдан четлатиш жазоси қўлланилишига олиб келди.

Энди спортчи 2022 йил 26 декабрдан 2024 йилнинг 26 декабрига қадар расмий турнирларда, чемпионатларда иштирок эта олмайди.

  ЎзА