ЮНEСКО бош қароргоҳида «Oriental Fashion Show 2023» тадбири иштирокчиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир доирасида Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси ва ЮНEСКОдаги доимий ваколатхонаси томонидан «Route De La Soie Et Al-Andalus» уюшмаси билан ҳамкорликда мамлакатимиз бой маданий мероси ва сайёҳлик салоҳиятига бағишланган видеоролик тақдим этилди. Унда, хусусан, Самарқанднинг диққатга сазовор жойлари, номоддий маданий мероснинг ноёб элементи бўлган сўзананинг яратиш технологияси, шунингдек, Париж мода ҳафталиги доирасида ўтказилган «Oriental Fashion Show 2023» кўргазмасида 24-25 январь кунлари муваффақиятли намойиш этилган ўзбек дизайнерларининг коллекциялари ҳақида ҳикоя қилинган.
«Oriental Fashion Show 2023» кўргазмаси ташкилотчиси, «Route De La Soie Et Al-Andalus» уюшмаси президенти Ҳинд Жоудар Ўзбекистон шаҳарлари бўйлаб қилган саёҳати чоғида ўзбек маданияти ва анъаналарининг ранг-баранглиги ва бетакрор гўзаллиги унда катта таассурот қолдирганини таъкидлади.
«Oriental Fashion Show» кўргазмасини Ўзбекистонга олиб бориш ва Самарқанд марказидаги Регистон майдонида ушбу муҳташам тадбирни ташкил этиш менинг энг эзгу орзуимдир», деди Ҳинд Жоудар.
«Oriental Fashion Show» Шарқ мамлакатлари модаси ва тикувчилик маҳоратига бағишланган дунёдаги биринчи халқаро кўргазмадир. 2004 йилдан бери Парижда ўтказиб келинаётган навбатдаги кўргазмада 60 мамлакатдан 120 дан ортиқ модельерлар тўпламлари намойиш этилди.
Анжуман ташкилотчилари кўргазма намойишларини Париж, Лондон, Милан, Нью-Йорк, Москва, Санкт-Петербург, Истанбул, Боку, Кувайт, Доҳа, Марокаш, Дубай ва дунёнинг бошқа шаҳарларида мунтазам тарзда уюштириб келади.
ЎзА