Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманида Давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Янги бинонинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари Р.Сапарбаев, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари Х.Мелиев ва бошқалар давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак!”, деган эзгу ғоя асосида давлат хизматлари марказларининг фаолиятини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар аҳолининг бугунги ҳаётидан рози бўлиб яшашида муҳим омил бўлаётганини алоҳида таъкидлади.
Давлат хизматлари марказига келувчи туманнинг 74 минг нафардан зиёд аҳолисига кенг ва ихчам, барча қулай шароитларга эга бўлган жойда хизмат кўрсатилади. Иншоот қурилиши замонавий шаҳарсозлик меъёрларга мос бўлиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг вакиллари учун кенг шароитлар яратилишига алоҳида эътибор қаратилган.
Марказда электрон навбат тизими, маълумот киоски, ўз -ўзига электрон хизматлар кўрсатиш бурчаги, болалар майдончаси ва кутубхона жойлашган. Шу жумладан, фуқароларнинг эркин давлат хизматларидан фойдаланишининг турли имкониятлари ҳақида хабардорлигини ошириш мақсадида маълумотнома стендлари ва кўргазмали плакатлар ўрнатилган. Бундан ташқари, давлат хизматларидан экстерриториал асосида, яъни яшаш ва рўйхатдан ўтган манзилидан қатъий назар фойдаланиши мумкин. Бу ерда 250 га яқин давлат хизматидан фойдаланиш имконияти яратилган.
Иншоотнинг тантанали очилиш маросимида янги ҳаётга қадам қўяётган Тахиатош туманида яшовчи Мансур Курбанбаев ва Айнур Кенжебаеваларнинг оиласида ҳам унутилмас кун бўлди. Бу ёш оила янги даргоҳда иш бошлаган туман ФҲДЁ бўлимида ўзларининг никоҳини расмийлаштирган биринчи оила ҳисобланади.
Марказ аҳолининг барча қатламларига, шу аснода, ёш болали аёллар, турли тоифадаги ногиронлиги бўлган шахслар, ёшлар ва фахрийларга хизмат кўрсатишга мўлжалланган. Бу иморатда адлия бўлими, юридик хизмат кўрсатиш маркази, Фуқаролик ҳолати далолатномасини ёзиш (ФҲДЁ) бўлими ва Давлат хизматлари марказининг жойлашиши ҳудуд аҳолисига янада қулайлик яратади.
Тадбир иштирокчилари янги бинода яратилган шароитлар билан танишди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири