Хабар қилинганидек, 10-11 ноябрь кунлари Самарқандда Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити ўтказилади.
Унда Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон президентлари, Венгрия Бош вазири ҳамда Туркманистон Халқ маслаҳати раиси қатнашади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида ўтаётган Туркий давлатлар ташкилоти саммити доирасидаги биринчи учрашувни Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан ўтказмоқда.
Учрашувда иқтисодий соҳадаги амалий ҳамкорлик – қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун молиявий механизмлар ва қулай шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Бироз аввал Туркий давлатлар ташкилоти саммити доирасида Ўзбекистон – Венгрия бизнес-форуми ўтказилди.
Айни пайтда Туркий давлатлар ташкилоти Ташқи ишлар вазирларининг йиғилиши давом этмоқда.
Ушбу халқаро тадбир тафсилотларини чет мамлакат ва юртимизда кенг ёритиш учун 240 дан ортиқ хорижий ва 300 дан зиёд маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари ташриф буюрган.
Умуман, Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити доирасидаги тадбирлар дунёнинг ўндан ортиқ тилларида ёритиб борилмоқда.
З.ЖОНИБЕКОВ,
С.АСЛОНОВ (Фото),
ЎзА