Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Парламент ахборот маркази билан Олий Мажлис ҳузуридаги Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Ушбу меморандумга кўра, Қонунчилик палатасида қизғин муҳокама қилинаётган қонун лойиҳалари, депутатлик сўровлари, парламент назорати механизмлари ҳақида аҳолига халқчил, содда услуб ва тилларда етказишга кўмаклашилади.

Очиқ ахборот маконини яратишга қаратилган саъй-ҳаракатларни бирлаштирадиган замонавий, демократик ва шаффоф майдон сифатида парламент ва ОАВ, фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг самарали мулоқоти таъминланади. Парламент фаолиятига оид асослантирилган таклифлар тайёрлаш, депутатларнинг жамоатчилик билан ўзаро алоқаларини замонавий медиа технологияларни қўллаган ҳолда янги босқичга олиб чиқиш ва ижтимоий тармоқларда фаоллигини таъминлашга ҳисса қўшиш бўйича икки томонлама манфаатли ўзаро ҳамкорлик амалга оширилади.

— Депутатлар корпусининг иш фаолияти, Қонунчилик палатасининг мажлислари оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда замонавий усул ва услубларда ёритиб келинаётгани, депутатларнинг илғор медиа майдонларидан унумли фойдаланиши орқали сайловчилар билан тобора яқинлашиб бораётгани парламентнинг том маънода “халқ уйи”га айланишида муҳим омил бўлмоқда, — деди Қонунчилик палатаси Спикерининг рақамли ривожланиш ва ахборот сиёсати масалалари бўйича ўринбосари, Парламент ахборот маркази раҳбари Одил Тожиев. — Очиқлик сиёсати натижасида ахборотлар тури ва сифати ошиб бораётир. Бу ахборотлар кенг жамоатчилик билан бир қаторда қонун чиқарувчи ҳокимият вакилларини ҳам бефарқ қолдирмаяпти, уларни ўзига хос хулосаларни чиқаришга ундамоқда.

Қайд этилганидек, бугун депутатлар ҳам замон билан ҳамнафас равишда очиқлик, ошкоралик ва эркинлик принципларига содиқ қолиб, ахборот майдонида ўзига хос ўринни мустаҳкам эгаллашга интилмоқда. Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўзгаришларга холис баҳо бериб, аҳолини ўйлантираётган ҳар қандай масалалар ва уларнинг ечими юзасидан ўз позиция, таклифини дадиллик билан кўтариб чиқиб, муносабатини билдириб келмоқда.

Бу борадаги ишларни ҳозирги шиддатли ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда янада жадаллаштириш, парламентнинг ахборот сиёсатини давр талаблари асосида такомиллаштириб бориш зарур.

Тадбирда меморандумда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишиб олинди.

М.Комилова, ЎзА