Нукусда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси бўлими, шаҳар ва туман бўлинмалари томонидан ўтган 2021 йил давомида амалга оширилган ишлар якунларига бағишланган мажлис бўлиб ўтди.

Тадбирда ўтган йилда амалга оширилган ишларни оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ёритиш натижалари, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш, “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан амалга оширилган ишлар, маҳаллаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, коммунал тўловларини амалга ошириш ва бошқа  долзарб масалалар муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, йил давомида “Маҳалла” фонди ҳузурида ташкил этилган “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан жами 32904 та оилага 19 миллиард 660 миллион сўмлик ёрдам кўрсатилиши таъминланган. Жумладан, Халқ депутатлари кенгашлари қарорига мувофиқ 8015 та эҳтиёжманд оилага кундалик истеъмол товарлари, дори воситалари, моддий ва бошқа ёрдамлар учун жами 3 миллиард 579,2 миллион сўм маблағ ажратилди.

“Темир дафтар”га киритилган 12807 та оилага 7 миллиард 821,5 миллион сўм, “Аёллар дафтари”га киритилган 12031 та оилага 8 миллиард 259,1 миллион сўм, “Ёшлар дафтари”га киритилган 51 нафар ёшга ёрдам кўрсатиш учун 72 миллион 100 минг сўм берилди.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси бўлими, шаҳар ва  туман бўлинмалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан тасдиқланган умумхалқ хайрия ҳашарлари муносабати билан “Маҳалла” фонди ҳисоб рақамига келиб тушган маблағларни сарфлаш тақсимот режалари асосида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ёрдамлар кўрсатиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, фонднинг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими ва бўлинмалари томонидан бир йилда жами 605 та оилага 89 миллион 104 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Йил давомида 65 та фуқаролар йиғини 328,2 миллион сўмлик компьютер ва принтер жамланмалари билан, 42 та фуқаролар йиғини 133 миллион сўмлик мебель жиҳозлари билан таъминланди 205 та фуқаролар йиғинининг 200,7 миллион сўмлик коммунал тўловларидан қарздорликлари тўланди.

Тадбирда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда йўл қўйилган камчиликлар қайд этилди. Уларни бартараф этиш юзасидан вазифалар белгиланди.

Якунда фонднинг жорий йилги иш-режасига таклифлар билдирилиб, ўтган йили фаолиятини яхши йўлга қўйган туман бўлинмалари рағбатлантирилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА