Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллиги, меҳнатга бўлган қизиқишини ошириш, таълим, илм-фан, техника, санъат ва спортга жалб этиш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

“Мактабгача таълим муассасалари ва мактаб-интернатлардаги болалар таъминотига ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низом”га кўра, жисмоний ёки ақлий ривожланишида нуқсони бор болалар таъминоти учун ота-оналардан тўлов ундирилмайди.

Низомга кўра, нутқидаги оғир нуқсонлар (ринолалия, дудуқланиш, болалар афазияси, руҳий-нутқий ривожланишда орқада қолиш);

– эшитишдаги оғир нуқсонлар (II — IV даражадаги карлик);

– кўришдаги оғир нуқсонлар (кўзи ожизлар, бир кўзи соққаси йўқлиги (анофтальм), амблиопия ва ғилай бўлган заиф кўрадиганлар);

– таянч-ҳаракатланишидаги нуқсонлар (бош мия, бўйин, кўкрак қафаси, умуртқа, бўғимлар ва оёқлар операцияларининг барча турларидан кейинги ҳолати; бўйин, кўкрак қафаси, умуртқанинг идиапатик деформациялари; кифоз; лордоз; кифосколиоз; оёқ панжалари фалажи; таянч-ҳаракатланиш аъзоси ривожланиши аномалиялари; артрозоартритлар; остехондропатия; хондродистрофия; болалар церебрал фалажи; менингоэнцефалитга чалингандан кейин ҳамда туғруқ асоратларидан кейинги таянч-ҳаракатланиш аъзоларининг барча патологиялари (гемипарез, парапарез, монопарез ва шу турдаги плегиялар); полирадикулоневритлар ва уларнинг асоратлари);

– психик ривожланишда орқада қолиш (ақлий орқада қолиш, ақлий фаолиятининг орқада қолиши ва ақлий заифликнинг енгил даражаси);

– мураккаб нуқсонлар (ривожланишда икки ва ундан ортиқ нуқсонлар мавжудлиги) ва сил касаллигининг илк кўриниши (сил касаллиги билан касалланган бемор билан бир оиладан (хўжаликдан) бўлиб алоқада бўлганлар, тубвираж);

– сил касаллигидан кейинги тиклаш давридаги касалликка чалинган болалар учун боғча пули талаб этилмайди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, боғчаларда болалар умумий сонининг 15 фоизи доирасида кам таъминланган оилалар фарзандлари тўловдан озод қилинади. Бунда биринчи навбатда ота-оналаридан бири ёки иккаласи I ёхуд II гуруҳ ногиронлиги бўлган кам таъминланган оила фарзандларига, шунингдек ўртача ойлик жами даромади энг паст даражада бўлган кам таъминланган оила фарзандларига имтиёз берилади.

Тўловдан озод қилинадиган кам таъминланган оила фарзандлари рўйхати маҳалла томонидан берилган оиланинг мулкий аҳволи тўғрисида маълумотномага ва тегишли боғча ота-оналар қўмитасининг хулосасига асосан аниқланади ва шакллантирилади.

Тўловдан озод қилинадиган кам таъминланган оила фарзандлари рўйхати ҳар ўқув йилининг 25 сентябрь кунига қадар тасдиқланади.

Рўйхатига кирмай қолган, шунингдек йил давомида аниқланган кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳисобидан захира шакллантирилади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА