Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси 2021 йил 24 октябрь куни бўлиб ўтган Президент сайловида овоз беришнинг жорий якунларини эълон қилди.

Тошкент вақти билан соат 20:00 да Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов участкаларида овоз бериш якунланди.

Дастлабки маълумотларга кўра, сайловда қарийб 16 миллион 37 минг сайловчи иштирок этди. Бу жами сайловчиларнинг 80,8 фоизини ташкил этади.

Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низомхўжаев халқаро кузатувчилар, мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган брифингда шу ҳақда маълум қилди.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 96-моддасига мувофиқ, сайловда сайловчиларнинг камида 33 фоизи иштирок этган бўлса, ҳақиқий деб ҳисобланиши белгиланган. Демак, Сайлов кодексига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтган ва ҳақиқий деб ҳисобланиши таъкидланди.

Бу – тараққиётнинг янги, демократик босқичига қадам қўйган Ўзбекистон халқининг сиёсий-ҳуқуқий онги, маданияти ва сиёсий фаоллиги тобора юксалиб бораётганининг тасдиғи, халқимизга хос аҳиллик ва ҳамжиҳатликнинг яна бир ифодасидир.

Шунингдек, кўп миллатли Ўзбекистон халқи давлатимиз томонидан олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсатни, амалга оширилаётган туб демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватлаётганининг амалдаги ёрқин намойишидир.

Овозларни санаб чиқишда сайлов участкаларида сиёсий партиялар кузатувчилари, халқаро кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сайлов давомида жойлардан сайлов қонунчилиги бузилиши ҳақида хабар келиб тушмади.

25 октябрь куни бўлиб ўтадиган брифингда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг дастлабки натижалари эълон қилинади. Шу куни халқаро кузатувчилар миссиялари ҳам матбуот анжуманлари ўтказади.

 

Нурулло НАСРИЕВ,

ЎзА мухбири