Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг Парламент Ассамблеяси кузатувчилари иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Унда Ассамблея аъзолари ҳамда МДҲга аъзо давлатлар кузатувчилари сайлов участкаларидаги вазият тўғрисидаги фикр-мулоҳазалари билдириб ўтдилар.

Айгул Куспан, Қозоғистон Республикаси Парламенти халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси:

– Ўзбекистонда сўнгги йилларда бўлаётган ўзгаришлар, ислоҳотлар таҳсинга лойиқ. Бу ижтимоий-иқтисодий соҳада яққол кўзга ташланяпти. Ўзбекистон ва Қозоғистон муносабатлари яқин қўшничилик ҳамда стратегик шериклик руҳида изчил ривожланмоқда.

Ушбу ҳамкорлик алоқалари халқларимизнинг азал-азалдан шаклланган дўстлик ва қардошлик ришталарига, умумий тарих, тил ҳамда маданиятига асосланган. Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик ишончли ва конструктив мулоқот тусига кирган. Ўзбекистон учун муҳим бўлган бугунги сиёсий жараён албатта қўшни мамлакатларни ҳам бефарқ қолдирмайди.

МДҲ Парламент Ассамблеяси кузатувчилари сайлов жараёнларига эрта тонгдан киришдик. Сайлов участкаларидаги шароитларни, сайловга овоз бериш жараёнларини кузатдик. Участкаларда санитария қоидаларига тўлиқ амал қилиняпти.

Бир марталик тиббий ниқоб, антицептик воситалар билан таъминланган. Фуқаролар карантин қоидаларига риоя қилишяпти. Бир томондан кириб, иккинчи эшикдан чиқишяпти. Сайловчиларда қатъият, келажакка ишончни кўрасиз.

 

Н.Насриев, ЎзА