Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси таълим йўналиши 3-босқич талабаси Гулнур Сарсенова Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси ғолиби бўлди.

Ўзбекистон Бадиий академиясининг хабар қилишича, стипендия танловига Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларидан жами 39 талабанинг ҳужжатлари келиб тушган бўлиб, экспертлар гуруҳининг тегишли қарори билан улар орасидан 7 талабага давлат стипендияси танловининг ғолиблиги насиб этди.

Улар орасида Нукус ДПИ талабаси Гулнур Сарсенова санъатшунослик ва музейшунослик йўналиши бўйича Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси ғолиби деб топилди. Г.Сарсенова республика ва халқаро танловлар, кўргазмалар, илмий анжуманларда мунтазам иштирок этиб, юқори натижаларни қўлга киритиб келмоқда. Таъкидлаш жоиз, институт томонидан ташкил этилган «Innovation in teaching foreign languages: problems and perspectives» мавзусидаги Марказий Осиё анжумани ҳамда бошқа илмий тадбирларда ўз мақолалари, шунингдек, Россия Федерациясининг «Интернаука» халқаро журналида «Одежда каракалпакских женщин» мавзусидаги мақоласи билан иштирок этиб, сертификатлар билан тақдирланди.

Ғолибларга «Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси соҳиби» гувоҳномаси Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан шу йилнинг 20 август кунига қадар тантанали равишда топширилади.

Давлат стипендияси 1 сентябрьдан бошлаб бир ўқув йили давомида белгиланган миқдорда тайинланади.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 апрельдаги «Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 ноябрьдаги қарори асосида ташкил этилган бўлиб, олий таълим муассасаларида тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишида таълим олаётган талабалар учун берилади.

Ислам Матеков,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.