Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ректори Байрам Отемуратов Россия Федерациясидаги таълим соҳаси бўйича рейтинги юқори бўлган олий таълим муассасалари билан икки томонлама ҳамкорликни кучайтириш мақсадида хизмат сафарида эканлиги ҳақида хабар берган эдик.

 

Нукус ДПИ ректори Сочи давлат университетига ташриф буюриб, университет ректори, профессор Галина Романова билан учрашди.

 

Учрашувда Россия ва Ўзбекистоннинг олий таълим тизимидаги ҳамкорлиги натижалари, бугунги ҳолати ва келгуси вазифалар тўғрисида фикр алмашилди.

Нукус ДПИ ректори Б.Отемуратов Сочи давлат университетининг бакалавр тайёрлаш дастури, шу жумладан, туризм соҳаси бўйича кадрлар тайёрлашда юқори натижаларга эришиб келаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиб, бу бўйича Нукус давлат педагогика институти билан ҳамкорликда экологик, зиёрат, қишлоқ хўжалиги ва меҳмонхона фаолияти туризм йўналишлари бўйича бакалаврлар тайёрлаш истиқболлари ҳақида музокаралар олиб борди.

 

Учрашув якунида Сочи давлат университети ва Нукус давлат педагогика институти ўртасида илмий-педагогик фаолиятда ҳамкорлик бўйича шартнома имзоланди.

 

Ислам Матеков,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.