Тинчлик ва соғлиқ – инсон ҳаёти учун энг зарур неъмат. Бу икки йўналиш давлатимиз ижтимоий сиёсатининг муҳим негизидир.

Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, жумладан, соҳага илғор ва рақамли технологиялар ҳамда сифат менежментини жорий этиш, тиббиёт муассасалари имкониятларидан тўлиқ фойдаланишга қаратилган чора-тадбирлар бугун ўз самарасини бермоқда.

2020 йил бутун дунё тиббиёт соҳаси учун синовли бўлган пандемия даврида ҳам соҳани тараққий эттириш, фуқаролар саломатлигини асраб авайлаш мақсадида 2 та қонун, 22 та Президент фармон, фармойиш ва қарорлари ҳамда 16 та Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинди. 2021 йилнинг ўтган беш ойи давомида эса 3 марта давлатимиз раҳбари бошчилигида соғлиқни сақлаш соҳасига оид видеоселектор йиғилишлари ўтказилди.

Ўтган ҳафтада тинчлик-хотиржамлик, шукроналик байрами бўлган Рамазон ҳайити кунларида Президентимиз Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказига бориб, у ерда даволанаётган бемор болалар ҳолидан хабар олди. Давлатимиз раҳбари бемор болалар ҳамда уларнинг ота оналари билан бўлиб ўтган суҳбатда гематология ва трансфузиология хизматларини ривожлантириш, онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2020-2024 йилларда гематология соҳасини ривожлантириш учун 546 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилиши, ушбу маблағларнинг 91 миллиард сўмдан зиёди шу йилнинг ўзида ажратилишини маълум қилди.

Шунингдек, беморлар учун замонавий тиббиёт технологиялари асосида даволаниш имкониятини яратиш учун Тошкент тиббиёт академияси клиникасининг бўш турган ҳудудида Республика онкология марказининг янги биноларини барпо этиш, у жойда беморларнинг ота оналари учун ҳам шарт-шароит яратиш бўйича топшириқ берди.

Мазкур ҳафтада тиббиёт соҳасига қаратилган алоҳида эътибор изчил давом эттирилиб, 18 май куни Президент раислигида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси доирасида соҳанинг босқичма-босқич такомиллаштириб борилаётганлиги, жорий йилда 21 триллион сўм, яъни 2017 йилга нисбатан 3 баравар кўп маблағ ажратилганлиги алоҳида таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари аҳолининг тиббий хизматга бўлган ишончини ошириш борасида соҳада амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни 5 та йўналишда кўрсатиб ўтди. Жумладан, бирламчи тиббиёт бўғинини касалликни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айлантириш, ихтисослашган марказлар томонидан жойларда тор доирадаги тиббий хизматлар ҳажмини ошириш ва сифатини тубдан яхшилаш, рақамлаштириш орқали соҳада қоғозбозлик, бюрократия ва коррупцияни кескин қисқартириш, тиббиётнинг барча йўналишларида рақобатни ривожлантириш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ҳамда тиббиёт ходимлари билимини ошириш, таълим ва илм-фанни ривожлантириш.

Эътиборли томони Президентимиз томонидан билдириб ўтилган ташаббус ва таклифлар “Адолат” СДПнинг 2019 йилги сайловолди дастурида тиббиёт соҳасини ривожлантириш мақсадида белгилаб олинган вазифалар билан ҳамоҳангдир. Партия ўз дастурида соғлиқни сақлаш соҳасининг хусусий секторини барқарор ривожланишнинг муҳим омилларидан бири сифатида эътироф этиш билан бирга, соғлиқни сақлашнинг давлат секторини мустаҳкамлаш, соҳада юқори малакали хорижий мутахассислар сонини ошириш ва хорижий инвестицияларни кенгайтириш, кадрлар малакасини ошириш ва тайёрлашни самарали тизимини шакллантириш, тиббий хизматлар экспортини ривожлантиришга кенг эътибор қаратиш, келгуси беш йилликда соғлиқни сақлаш бўйича давлат харажатларини умумий давлат харажатларига нисбатан 15,4 фоиздан 17 фоизга оширишни ишларини устувор вазифа сифатида белгилаб олган.

Шунингдек, йиғилишда Президентимиз томонидан сурункали касалликларни бирламчи бўғинда даволаш, айниқса, юрак-қон томир ва ошқозон-ичак хасталиклари профилактикасини кучайтириш муҳимлиги таъкидланиб, бирламчи бўғинда даволаш зарур бўлган касалликлар бўйича бепул тиббий хизматлар пакети жорий этилиши белгилаб берилди.

Муҳокамалар жараёнида мамлакатимиздаги 3 мингдан ортиқ тиббиёт муассасаларини “Электрон поликлиника” тизимига улаш учун 28 миллиард сўм ажратилган бўлишига қарамасдан бугунги кунгача бор йўғи 423 та бирламчи тиббиёт муассасасининг “Электрон поликлиника” ахборот тизимига уланганлиги ҳам танқид қилиб ўтилди. Бу каби ишларнинг ўз вақтида амалга оширилмаслиги эса аҳолига кўплаб ноқулайликлар туғдирмоқда.

Эндиликда бу борада бошланган ишлар давом эттирилиб, вилоят тиббиёт бошқармаларида рақамлаштириш ва давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш бўйича ўринбосар лавозими ташкил этилади. Шунингдек, барча тиббиёт муассасаларида электрон тизим билан ишлайдиган 2 мингта оператор-ҳамшира вазифаси жорий қилинади.

Хулоса қилиб айтганда, жорий йилда тиббиёт соҳаси ривожи учун белгилаб олинган устувор вазифаларнинг ҳаётимизга татбиқ этилиши натижасида фуқароларимизга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати янги босқичга кўтарилиб, аҳолида ислоҳотлар самарасини бугуннинг ўзида ҳаётида ҳис этиш имконияти пайдо бўлади.

 

Зуҳра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари,

“Адолат” СДП фракцияси раҳбари