Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманида кейинги йилларда томорқа ерлардан унумли фойдаланиб, омилкорлик ортидан яхши даромад олаётган хонадонлар сони ортмоқда. Бунда туман ҳокимлиги томонидан “маҳаллабай” тизим асосида аҳоли шароити ўрганилиб, мурожаатлар бўйича тегишли ёрдам кўрсатилаётгани муҳим омил бўлмоқда.

Туманнинг “Қуёшли макон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Зийнел Шароповга мурожаати асосида иссиқхона ташкил этиш учун “Халқ банки” томонидан 30 миллион сўмлик имтиёзли кредит ажратилди. Ҳозирда мазкур 3 сотихли иссиқхонада бодринг ва помидор етиштирилмоқда.

https://cdn.uza.uz/2021/05/12/10/46/OMi64aEVtv2jzYZRZ89nmRBOnJTCv0ro_front.JPG

– Ишсизлигим туфайли маҳалла фуқаролар йиғинининг мутасадди ходимларига бандлик масаласида ёрдам сўраб мурожаат қилган эдим, — дейди Зийнел Шаропов. – Улар томорқада иссиқхона ташкил қилишимни маслаҳат бериб, бу борада банкдан имтиёзли кредит олишим учун зарур кўрсатмалар беришди. Иссиқхонага 700 тубдан зиёд бодринг ва помидор кўчатларини экдим. Экинлар томчилатиб суғориш тизими асосида озиқлантирилмоқда. Бодрингнинг ҳосилдорлиги яхши, ҳар куни бозорга 70-80 килограмм маҳсулот чиқаряпмиз. Яқин кунларда помидор ҳам пишиб етилади.

 

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат), ЎзА