Мўйноқ туманидаги аэропорт ҳудудида “Qurilish” МЧЖ (номи ўзгартирилган) томонидан туман ободонлаштириш бўлими билан тузилган шартномага асосан ободонлаштириш ишлари амалга оширилган. Аммо бажарилган ишлар учун тадбиркорга берилиши керак бўлган қарийб 270 миллион сўм маблағ тўланмасдан қолган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Бизнес-омбудсманнинг маълум қилишича, ушбу ҳолат юзасидан Бизнес-омбудсман томонидан Қўнғирот туманлараро судига даъво ариза киритилди. Суд қарори билан тадбиркорга Мўйноқ тумани ободонлаштириш бўлими ҳисобидан 269 миллион 867 минг 459 сўм маблағ ундирилишига эришилди.

Маълумки, тадбиркорларга нисбатан қонун доирасидаги кўмак тадбиркорлик ривожига хизмат қилади.

 

Гулноза БОБОЕВА, ЎзА